Илғор биотехнологик ишланмалар билан танишув
“Истиқболли чўл ва доривор ўсимликларни in vitro шароитида кўпайтириш ва уларнинг генбанкини яратиш” лойиҳаси доирасида Оролбўйи халқаро инновация маркази мутахассислари Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикасига амалий ташриф буюришди.
Сафар давомида делегация М.Акмулла номидаги Бошқирдистон давлат педагогика университетида бўлиб, "Тирик тизимлар биотехнологияси" лабораторияси фаолияти ва ўсимликлар биотехнологияси соҳасидаги илғор ишланмалар билан танишди.
Ўсимлик тўқималарини кўпайтириш ва қимматли генотипларни сақлаш технологиялари алоҳида қизиқиш уйғотди. Илмий-амалий тадбирлар ва маҳорат дарси доирасида марказ мутахассислари ўсимликларни оммавий кўпайтириш, ўсимлик ресурсларини сақлаш ва уларнинг генетик барқарорлиги ҳамда мослашиш салоҳиятини баҳолаш учун молекуляр-генетик воситаларни қўллашнинг замонавий лаборатория усуллари билан танишдилар.

Шунингдек, марказ вакиллари қишлоқ хўжалиги ва биотехнологиялар учун рақамли ечимлар, жумладан, агротехнологик жараёнларни мониторинг қилиш ва бошқариш технологияларига бағишланган тадбирларда иштирок этишди.
Ташриф дастуридан Бошқирдистон қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институти ва Россия Фанлар академияси Уфа федерал тадқиқот марказининг Жанубий Урал ботаника боғи институтига ташриф ўрин олди. Делегация қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси, ўсимликларнинг генетик хилма-хиллигини сақлаш ва агросаноат мажмуасига илмий ишланмаларни жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишишди.
Учрашувлар якунида ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма тадқиқотлар олиб бориш, академик алмашинувларни ташкил этиш ва халқаро илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири