PMI компанияси мутахассислари билан учрашув ўтказилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси вакиллари иштирокида «Philip Morris International» (PMI) халқаро компаниясининг минтақавий ва чет эллик мутахассислари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда яширин иқтисодиёт ҳажмини камайтириш, тамаки ва никотин маҳсулотларининг ноқонуний савдосини чеклаш ҳамда унинг олдини олиш борасида ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида халқаро компания вакиллари тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш соҳасида илғор хориж тажрибаси ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида маълумот берди.
Ўз навбатида, Департамент ва Инспекция масъуллари томонидан соҳага оид қуйидаги устувор йўналишларда тақдимотлар ўтказилди.
Контрабанда ва уюшган жиноий схемаларни аниқлаш, хавф-хатарларни таҳлил қилиш ва маҳсулот етказиб бериш занжирини кузатиш;
Шубҳали маҳсулотларни аниқлаш воситалари ва криминалистик экспертиза имкониятлари;
Халқаро тергов ва минтақавий ҳуқуқни қўллаш амалиёти;
Бизнес ва ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасида ўзаро тажриба алмашишни тизимлаштириш.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида томонлар кўтарилган масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни белгиланган тартибда изчил давом эттиришга келишиб олди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА