IJF президенти Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Бугун, 19 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасида дзюдо бўйича жаҳон чемпионати баҳслари бошланади. Мусобақада иштирок этиш учун пойтахтимизга келган Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) президенти Мариус Визер Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонга Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси, Осиё дзюдо иттифоқи вице-президенти Азизжон Камилов ҳамда бошқа масъуллар ҳамроҳлик қилди.
Ташриф давомида Мариус Визер марказнинг музей экспозициялари билан танишди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган мазкур мажмуа ислом цивилизациясининг бой меросини асраб-авайлаш, илмий ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этишга хизмат қилади. Марказда минтақанинг уч минг йиллик тарихи, буюк аждодларимизнинг илм-фан ва жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси акс эттирилган.
IJF президенти «Исломдан аввалги цивилизациялар», «Биринчи Ренессанс», «Иккинчи Ренессанс» ҳамда «Янги Ўзбекистон — янги Ренессанс» бўлимлари экспозициялари билан яқиндан танишди. Мариус Визер Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА