Халқаро ареналардаги ютуқлар ва олдиндаги нуфузли мусобақалар тафсилоти
Мамлакатимизда спортнинг турли йўналишлари бўйича мусобақалар, халқаро турнирлар ва мамлакат чемпионатлари давом этмоқда. Дзюдо, оғир атлетика, гимнастика, сув полоси ва бошқа спорт турларида ҳамюртларимиз янги натижаларни қайд этиб, навбатдаги мусобақаларга тайёргарлик кўрмоқда.
Дзюдо. Бугун пойтахтимизда дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланади. Олимпия шаҳарчасида ўтадиган мусобақанинг биринчи кунида ўғил болалар ўртасида -60, -66, қизлар ўртасида эса -48, -52 ва -57 килограмм вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланади.Бугунги беллашувларда Ўзбекистон терма жамоасининг 12 нафар вакили ҳам татамига чиқади.
***
От спорт. Қозоғистоннинг Остона шаҳрида от спорти бўйича «FEI Jumping World Cup Eurasian League Final CSI-W Astana 2026» халқаро мусобақаси ўтказилмоқда. Мусобақа доирасида спорт отлари ветеринария кўригидан ўтказилди. Бугун, 19 ноябрь куни ҳамюртларимиз ҳам баҳсларга киришади. 22 ноябрга қадар давом этадиган мазкур мусобақада спортчиларимиз халқаро майдонда ўз маҳоратини намойиш этади.
***
Спорт курашлари. 7–10 декабрь кунлари эшитишида нуқсони бўлган спортчилар ўртасида эркин ва юнон-рум кураши бўйича илк бор Ўзбекистон чемпионати ташкил этилади. Мусобақада U-17 ҳамда катталар ёш тоифасидаги спортчилар иштирок этади. Беллашувлар Халқаро кураш федерацияси — UWW қоидалари асосида ўтказилади. Мамлакат чемпионати Навоий вилоятининг Кармана туманидаги «Ёшлик» спорт мактабида бўлиб ўтади.
***
Сув полоси. Сурхондарё вилоятида 13 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида сув полоси бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси якунланди. Унда 10 та жамоа иштирок этди. Уч кунлик беллашувлар натижасига кўра, ўғил болалар ўртасида Жиззах вилояти ССТИСМ жамоаси ғолиб бўлди. Жиззах вилоятининг яна бир жамоаси кумуш, Наманган вилояти вакиллари бронза медалга сазовор бўлди.
Қизлар ўртасида эса «Ўзбекистон акватика» жамоаси кубок соҳиби бўлди. Сурхондарё вилояти иккинчи, Сирдарё вилояти жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
***
Кикбоксинг. 8–12 декабрь кунлари Навоий шаҳрида кикбоксчинг бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтади. «Сўғдиёна» спорт мажмуасида ташкил этиладиган мусобақада кичик ўсмирлар, ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида мамлакатнинг энг кучли спортчилари аниқланади. Беллашувлар «Пойнт-файтинг», «Кик-лайт», «Лайт-контакт», «Лоу-кик», «Фулл-контакт» ва «К-1» йўналишларида ўтказилади. Иштирокчилар олтита ёш тоифасида баҳс олиб боради.
***
Оғир атлетика. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари кубоги доирасида оғир атлетика бўйича эркаклар ўртасида -60 килограмм вазн тоифасидаги беллашувлар якунланди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси вакили Асилбек Юсупов икки кураш натижасига кўра 254 килограмм (116+138) натижа билан кумуш медални қўлга киритди.
***
Спорт гимнастикаси. Тошкент шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича халқаро турнирнинг саралаш босқичи биринчи куни якунланди. Кўпкураш дастурида ўсмирлар ўртасида Элбрус Жўраев кумуш, ёшлар ўртасида Бекзод Бахтиёров олтин, катталар ўртасида Равшан Камилжонов кумуш, Сарвар Абулфаизов эса бронза медалига сазовор бўлди.
Жамоавий баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Арманистон иккинчи, Беларусь учинчи бўлди.
***
Теннис. Ўзбекистон теннис федерацияси раиси Ботир Раҳимов Республика олимпия захиралари теннис мактаби жамоаси ҳамда федерациянинг барча бўлимлари иштирокида йиғилиш ўтказди. Унда селекция ишлари, мактаб ўқувчилари фаолияти юзасидан ҳисоботлар, шунингдек, ёш тоифалари бўйича иқтидорли теннисчиларни мактабга қабул қилиш масалалари муҳокама қилинди.
***
Паравелосипед. Чирчиқ шаҳрида паравелосипед бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақада спортчилар чемпионлик учун баҳс олиб борди. Якунда ғолиб ва совриндорлар Чирчиқ шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт мажмуасида медаллар ҳамда махсус дипломлар билан тақдирланди.
***
Эшкак эшиш. Ноябрь ойининг иккинчи ярмида эшкак эшиш спорт турлари бўйича бир қатор мамлакат мусобақалари ўтказилади. Жумладан, 19–21 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги Бўзсув каналида катталар ўртасида слаломда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон кубоги, 19–22 ноябрь кунлари Тошкент денгизида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон чемпионати ташкил этилади.
Шунингдек, 23–26 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ёшлар, 26–29 ноябрь кунлари эса катталар ўртасида академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақалари бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА