Натижа ва муаммолар танқидий муҳокама қилинди
Сирдарё вилоятида спорт соҳасида эришилаётган натижалар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган вазифалар Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов иштирокида ўтказилган йиғилишда танқидий муҳокама қилинди. Унда вилоятда спортни ривожлантириш учун яратилган имкониятлардан фойдаланиш ҳолати, спорт таълими муассасалари, федерациялар ва мураббийлар фаолияти, шунингдек, спортчиларнинг мусобақалардаги натижалари атрофлича кўриб чиқилди.
Йиғилишда Спорт бошқармаси, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг вилоят бўлими, Ўзбекистон Адаптив спорт турлари ассоциациясининг вилоят бўлими, Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда ихтисослаштирилган спорт мактаблари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Муҳокамаларда айрим йўналишларда мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланилмаётгани, спортчилар тайёргарлиги ва мусобақалардаги натижадорликни ошириш зарурлигига эътибор қаратилди. Масъул раҳбарлар олдига соҳадаги камчиликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ва фаолият самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.
Хусусан, «Президент олимпиадаси» республика босқичида Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спортчилари 13 та медални қўлга киритишган. Мусобақада 72 нафар спортчи, жумладан, 26 нафар қиз иштирок этган. Жами медаллардан 4 таси олтин, 3 таси кумуш ва 6 таси бронзани ташкил этган. Натижадорлик кўрсаткичи эса 18,06 фоизга тенг бўлган.
Спорт турлари кесимида сузиш бўйича 4 та, эркин кураш ва велоспортнинг трек йўналиши бўйича 3 тадан, дзюдо, таэквондо WT ҳамда стол тенниси бўйича 1 тадан медаль қўлга киритилган. Айниқса, айрим спорт турларидаги натижалар билан бир қаторда, медалсиз қолган йўналишларда тайёргарлик ҳолатини чуқур таҳлил қилиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда натижадорликни ошириш бўйича амалий таклифлар ҳам кўриб чиқилди.
Жумладан, медаль олинмаган спорт турларида тайёргарлик ҳолатини таҳлил қилиш, юқори натижа кўрсатган спорт турлари тажрибасини оммалаштириш, спортчиларнинг индивидуал тайёргарлик режаларини кучайтириш, мураббийлар фаолияти ва мусобақа натижаларини мунтазам мониторинг қилиш белгиланди. Шунингдек, вазир ўринбосари томонидан спорт инфратузилмасини ривожлантириш, спорт таълими сифатини ошириш, спортчилар ва мураббийларни қўллаб-қувватлаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилиш давомида фуқаролар мурожаатлари ҳам тингланди. Кўтарилган масалаларни амалдаги қонунчилик талаблари асосида ўрганиш, уларнинг ечими бўйича масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда зарур чоралар кўриш вазифаси белгиланди.
[gallery-32597]
Ташрифнинг иккинчи ярмида Шаҳрулло Маҳмудов спортчилар учун яратилган шарт-шароитлар ва машғулотлар жараёни билан танишди. Жумладан, дзюдо, бадминтон, оғир атлетика, стол тенниси ҳамда таэквондо WT спорт турлари бўйича машғулотларни кузатди.
Спортчилар ва мураббийлар билан мулоқотда машғулотлар сифати, мавжуд шароитлар, эришилаётган натижалар ва келгуси режалар муҳокама қилинди. Спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мураббийлар масъулиятини ошириш, иқтидорли ёшларни саралаш ва уларни профессионал спортга йўналтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (суратлар) ЎзА мухбирлари