ИИВ: Қурбон ҳайити кунлари тинчлик ва осойишталик таъминланади
Юртимиз бўйлаб муқаддас Қурбон ҳайитини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўрилмоқда. Ушбу улуғ айём кунлари аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш жуда муҳим.
Шу йўналишда ҳуқуқ-тартибот идоралари қандай ишларни амалга оширмоқда? Бу саволга Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиёсов жавоб берди:
– Муборак айёмни халқимиз юқори кайфиятда кутиб олмоқда. Минглаб юртдошларимиз Ҳаж амалларини бажараётган ушбу кунларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан байрамни кутиб олиш учун катта тайёргарлик кўрилди.
Бу йил қарийб 2 миллион нафардан ортиқ фуқаро 2,1 мингдан зиёд масжидга ташриф буюриб, ҳайит намозларида иштирок этиши кутилмоқда. Улар учун зарурий шарт-шароитларни яратиш, намоз вақтида осойишталикни таъминлаш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа масъул идораларнинг 23 мингга яқин шахсий таркиби кучайтирилган тартибда хизмат олиб боради.
Анъаналарга кўра, Қурбон ҳайитида юртдошларимиз қабристонларни зиёрат қилади. Шу боис, 9 мингдан ортиқ мусулмон қабристонларига ташрифи кутилаётган 1 миллиондан ортиқ аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, бундан ташқари, юртимиздаги 200 дан ортиқ бозор ва савдо мажмуалари атрофи ва уларга туташ йўлларда ҳаракат хавфсизлиги ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида қарийб ўн мингга яқин ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларидан иборат патруль гуруҳлари хизматга жалб этилади.
Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида масжидлар, қабристонлар ва жамоат жойларидаги автотураргоҳлардан ташқари 100-150 метр масофада алоҳида автотураргоҳлар ташкил этилади.
Йўловчиларнинг манзилларига ўз вақтида, хавфсиз етиб бориши учун мунтазам назорат масканлари, аэропортлар ва темир йўл вокзаллари, “Тошкент метрополитени” объектларига хизмат кўрсатувчи бўлинмалар кучайтирилган хизмат тартибига ўтказилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА