Очиқлик ва шаффофлик коррупцияга қарши курашишда энг муҳим кафолат
Давлат органлари фаолиятида қарорлар, маълумотлар ва жараёнларнинг очиқ бўлиши жамоатчилик назоратини кучайтиради, аҳолининг давлат институтларига бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил қилинган мажлисда Тошкент шаҳрида коррупциянинг олдини олиш борасида жорий йил биринчи чорагида амалга оширилган ишлар, жумладан, коррупциявий жиноятларнинг соҳалар ва туманлар кесимидаги ҳолати таҳлил қилинди.

Жумладан, “E-қарор” тизими орқали қабул қилинган қарорларнинг очиқлиги, расмий веб-сайт ва ахборот ресурсларини юритиш, очиқ маълумотларни жойлаштириш ҳамда жамоатчилик билан мулоқот механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Очиқлик индекси”даги кўрсаткичлари, мавжуд тизимли муаммолар, ахборотларнинг ўз вақтида ва тўлиқ эълон қилиниши ҳамда ходимлар фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков очиқлик ва шаффофлик коррупцияга қарши курашишнинг энг муҳим институционал кафолати эканини таъкидлади.
Йиғилиш якунида коррупцияга қарши курашиш ишларини янада кучайтириш, ҳудудлар ва соҳалар кесимида таҳлилий мониторингни тизимли йўлга қўйиш, масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА