ИИВ: кибержиноятлар мунтазам таҳлил қилиниб, рақамли далиллар билан ишлаш самарадорлиги оширилади
Ички ишлар органлари олдида турган долзарб вазифалар, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда давлатимиз раҳбарининг қарор ва топшириқларидан келиб чиқиб белгиланган чора-тадбирлар ижросини ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов бошқарган йиғилишда вазир ўринбосарлари, соҳавий хизмат бошлиқлари, ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда шахсий таркиб иштирок этди.
Муҳокамалар давомида жойлардаги криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш, жиноятларнинг содир этилишига имкон бераётган шарт-шароит ва омилларни барвақт аниқлаш, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда профилактик чораларнинг таъсирчанлигини ошириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Уюшган жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш, гиёҳвандлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва бу борада аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва масъулиятини оширишга қаратилган тарғибот ишларини тизимли ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Кун тартибидаги яна бир муҳим масала – кибержиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш ва фош этиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлили кўриб чиқилди.
Ушбу йўналишдаги фаолият натижалари, мавжуд камчиликлар ва уларнинг сабаблари муҳокама қилиниб, кибержиноятларнинг янги усулларини аниқлаш, фуқароларнинг рақамли хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли ўртасида профилактик тушунтириш ишларини кучайтириш, жумладан, «APK qoʻriqchi» дастурини кенг тарғиб қилиш ҳамда содир этилган жиноятларни тезкор фош этиш борасидаги вазифалар белгилаб олинди.
Кибержиноятчиликка қарши курашишда тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, рақамли далиллар билан ишлаш самарадорлигини ошириш ва жиноятларни содир этиш усулларини мунтазам таҳлил қилиб бориш муҳимлиги таъкидланди.
Айниқса, фуқароларнинг банк карталари ва шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш, интернет орқали содир этиладиган фирибгарликлар ҳақида аҳолини ўз вақтида огоҳлантириш ҳамда бундай жиноятлардан жабрланиш ҳолатларини камайтиришга қаратилган профилактик чораларни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан масъулларга тегишли вазифалар белгиланиб, уларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги устидан тизимли назорат ўрнатиш топширилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА