III шахмат паралимпиадаси: 41 та жамоа орасида Ўзбекистон-1 жамоаси кучли ўнликда
Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси доирасида давом этаётган III шахмат паралимпиадаси мусобақаларининг 2-тур ўйинлари ортда қолди.
III шахмат паралимпиадасининг 2-турида Аҳадхон Кимсанбоев, Марсел Шаюсупов, Сирожиддин Зайниддинов ва Селби Какишовадан иборат Ўзбекистон-1 терма жамоаси АҚШ пара шахматчиларига қарши дона сурди.

Халқаро рейтингда 20-поғонадан жой олган Ўзбекистон-1 жамоаси ўртача рейтингда 9-ўринни эгаллаб турган АҚШ терма жамоасига қарши мардона кураш олиб борди. Шиддатли кечган ўйинда томонлар (2:2) муроса йўлини танлади. Ирода ва матонат тимсоли бўлган шахматчиларимиздан Марсел Шаюсупов рақибига қарши баҳсда ғалаба қозонган бўлса, Ахадхон Кимсанбоев ҳамда Сардорбек Мамаражабов ўз ўйинларида дуранг қайд этди. Селби Какишова эса имкониятни бой бериб қўйди.

Мазкур турда Ўзбекистон-2 жамоаси “IPCA” жамоасига, Ўзбекистон-3 жамоаси эса Ҳиндистон пара шахматчиларига ютқазиб қўйди.
Бугун, 13 сентябрь куни Ўзбекистон-1 жамоаси Хорватия пара шахматчилари билан рўбарў келса, Ўзбекистон-2 жамоаси Кения, Ўзбекистон-3 жамоаси Бангладеш вакиллари билан тўқнаш келади.
Бугун ўтадиган 3-тур ўйинлари остонасида Ўзбекистон-1 жамоаси 3 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 10-ўринни эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, 31 мамлакатнинг 41 та жамоаси қатнашаётган III шахмат паралимпиадаси мусобақалари 17 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА