Ички ишлар органлари таълим муассасаларида таълим сифати: 10 йиллик ислоҳотлар ва натижалар
Замонавий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимидан нафақат қонунчиликни пухта билиш, балки таҳлилий фикрлаш, рақамли саводхонлик, ахлоқий қарор қабул қилиш, стресс шароитида тўғри ҳаракатланиш ва далилларга асосланган профессионал қарор қабул қилиш кўникмалари ҳам талаб этилмоқда.
Рақамли жиноятчиликнинг кенгайиши, криминоген вазиятнинг тез ўзгариши, фуқаролар билан мулоқотнинг янги стандартлари, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, сунъий интеллект ва катта маълумотлардан фойдаланиш каби омиллар ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш тизимига ҳам янги талабларни қўймоқда.
Шу нуқтаи назардан, таълим сифати фақат ўқув режасининг бажарилиши ёки имтиҳон натижалари билан эмас, балки битирувчининг хизмат вазифаларини қонуний, самарали ва фуқаролар манфаатларига мос равишда бажара олиш қобилияти билан баҳоланиши муҳим.
Янги ёндашувларга ҳуқуқий асос яратилди
2017 йил 16 августда қабул қилинган ПҚ–3216-сон қарор ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимида сифат жиҳатидан янги ёндашувларни белгилаб берди.
Ҳужжатда профессор-ўқитувчилар таркибини малакали илмий-педагогик кадрлар билан тўлдириш, катта амалий тажрибага эга мутахассисларни дарсларга жалб қилиш, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, масофавий таълимни ривожлантириш каби муҳим вазифалар белгиланди.
Бу жараён кейинги йилларда ички ишлар органлари таълим муассасаларида таълим сифатини таъминлашнинг янги механизмларини шакллантиришга замин яратди.
Мутахассислар фикрича, 2016–2026 йиллардаги ўзгаришларни таълим муассасалари сони ёки қабул тартибидаги ўзгаришлар билангина эмас, балки таълим сифатини таъминлаш воситаларининг такомиллашуви билан баҳолаш мақсадга мувофиқ.
Бунда сифатнинг кириш, жараён, ресурс, натижа ҳамда битирувчининг кейинги хизмат фаолияти билан боғлиқ бешта асосий ўлчови муҳим аҳамият касб этади.
Таълим сифатини бошқаришда янги механизмлар
Ички ишлар органлари таълим муассасаларида таълим сифатини оширишнинг муҳим йўналишларидан бири ўқув жараёнини мунтазам методик ва институционал назорат қилишдан иборат.
Бунда сифат фақат якуний имтиҳон натижаси эмас, балки бутун ўқув жараёнини қамраб олувчи бошқарув жараёни сифатида қаралмоқда.
Яна бир муҳим йўналиш — касбий компетенцияга асосланган баҳолаш тизимини ривожлантириш. Унда курсантнинг билими билан бир қаторда хизмат маданияти, интизоми ва касбий хулқ-атвори ҳам инобатга олинади.
Шу билан бирга, профессор-ўқитувчиларга қўйиладиган сифат талабларини кучайтириш, амалий тажрибага эга ходимларни таълим жараёнига кенг жалб этиш ва уларнинг педагогик ҳамда илмий-тадқиқот кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таълим сифатини таъминлашда узлуксизлик ҳам муҳим. Бу жараён номзоднинг касбий йўналишини шакллантиришдан бошланиб, унинг олий таълимдаги тайёргарлиги ва кейинги хизмат фаолиятигача давом этиши лозим.
Дуал таълим — назария ва амалиёт уйғунлиги
2025 йилдан ИИВ Академиясида дуал таълим тизимининг жорий этилиши таълим сифатини оширишда муҳим қадамлардан бири бўлди.
Мазкур тизим орқали курсантларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш мақсадида туман ички ишлар органларида амалий машғулотлар ўтказиш йўлга қўйилди. Кейинги босқичларда ҳар бир курсантга тажрибали мураббий бириктирилиб, уларга ходим ёрдамчиси сифатида касбий вазифаларни ўрганиш имконияти яратилди.
Дуал таълимнинг аҳамияти шундаки, курсант аудиторияда олган билимини амалиётда синаб кўради. Амалиёт жараёнида аниқланган билим ва кўникма бўшлиқлари эса ўқув дастурларини такомиллаштириш учун муҳим тескари алоқа вазифасини бажаради.
Шунингдек, мураббийлик институти орқали курсантларда касбий ижтимоийлашув, хизмат маданияти ва фуқаролар билан мулоқот қилиш кўникмалари шакллантирилади.
Рақамлаштириш — таълим сифатини оширишнинг муҳим омили
Сўнгги йилларда таълим сифатини оширишда рақамли трансформацияга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
ИИВ Академиясида “Смарт-Академия” интеграллашган ахборот-таълим платформасини шакллантириш, ўқув жараёнига ахборот технологиялари ва сунъий интеллект элементларини жорий этиш, кибержиноятларга қарши курашиш соҳасида кадрлар тайёрлаш ҳамда киберхавфсизлик лабораториясини ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Рақамли таълим платформаларидан фойдаланиш давомат, ўзлаштириш, топшириқлар, симуляцион машғулотлар натижалари ва ўқув дастурларининг бажарилишини ягона ахборот муҳитида таҳлил қилиш имконини беради.
2026 йилги магистратура қабулида номзодлар ҳужжатларини электрон тартибда топшириши, махсус касбий танлов доирасида ёзма иш ва компетенциялар диагностикаси ўтказилиши белгиланган.
Шунингдек, 2025 йил 7 июлдаги расмий маълумотларга кўра, “Абитуриент – 2025” жараёнида ИИВ Академиясига 3 мингга яқин номзод ҳужжат топширган.
2025/2026 ўқув йили учун бакалавриатда саккизта йўналиш бўйича қабул ташкил этилган бўлиб, улар орасида рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти йўналиши ҳам мавжуд.
Имтиҳон жараёнларининг онлайн видеотасвирга олиниши ва натижаларни расмий сайт орқали кузатиш имкониятининг яратилиши қабул жараёнида шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўн йиллик ислоҳотлар: асосий натижалар
2016–2026 йилларда ички ишлар органлари таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида таълим сифатини таъминлашга қаратилган ўзаро боғлиқ механизмлар шаклланмоқда.
Жумладан, қабул ва саралаш жараёнларида касбий хусусиятларга эътибор кучайди, ўқув жараёнини методик назорат қилиш механизмлари ривожланди, дуал таълим назария ва амалиёт ўртасидаги узилишни камайтириш воситасига айланди.
Рақамли платформалар ва электрон қабул тизимлари таълим сифатини маълумотлар асосида бошқариш учун янги имкониятларни яратмоқда. Халқаро семинарлар, хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ва замонавий илмий ёндашувлар эса таълим мазмунини янада бойитмоқда.
Шу билан бирга, таълим сифатининг энг муҳим кўрсаткичи — битирувчининг хизматдаги натижасини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш зарур.
Битирувчининг процессуал қарорлари сифати, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш маданияти, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш қобилияти, рақамли далиллар билан ишлаш кўникмаси, хизмат интизоми ва аҳоли билан мулоқот натижаларини маълум давр давомида кузатиб бориш таълим дастурларининг ҳақиқий самарадорлигини баҳолаш имконини беради.
Таълим сифатини янада ошириш бўйича таклифлар
Мутахассислар томонидан ички ишлар органлари таълим муассасалари учун ягона “Таълим сифати индекси”ни ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда.
Мазкур индекс қабулдаги рақобат, ўқув натижалари, компетенциялар ўсиши, амалий машғулотлар натижалари, рақамли саводхонлик, битирувчининг дастлабки хизмат йилидаги самарадорлиги, иш берувчи ва фуқаролар билан мулоқот сифати каби кўрсаткичларни қамраб олиши мумкин.
Шунингдек, “360 даражали таълим сифати мониторинги”ни жорий этиш орқали курсантнинг ўз баҳоси, ўқитувчи ва амалиётчи мураббий баҳоси, кафедра мониторинги ҳамда битирувчининг хизмат раҳбари баҳосини ягона тизимга бирлаштириш таклиф этилмоқда.
Дуал таълим жараёнида аниқланган билим ва кўникма бўшлиқларини мунтазам таҳлил қилиб, улар асосида ўқув дастурларига ўзгартишлар киритиш, ташқи сифат аудитини йўлга қўйиш ҳамда рақамли платформалар асосида “компетенциялар панели”ни шакллантириш ҳам таълим сифатини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Бунда курсантларнинг ҳуқуқий таҳлил, коммуникация, жисмоний ва тактик тайёргарлик, рақамли кўникма, этик қарор қабул қилиш, стрессга чидамлилик ва таҳлилий фикрлаш каби компетенциялари динамикада баҳоланади.
Хулоса
Умуман, ички ишлар органлари таълим тизимидаги ислоҳотларнинг кейинги босқичида асосий вазифа мавжуд механизмларни ягона, натижага йўналтирилган сифат тизимига бирлаштиришдан иборат.
Бу жараён “саралаш — ўқитиш — амалий синов — рақамли мониторинг — битирув — хизмат натижаси — ўқув дастурини янгилаш” тамойили асосида узлуксиз ишлаши зарур.
Ана шунда таълим сифати оддий статистик кўрсаткич эмас, балки ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи муҳим бошқарув омилига айланади.
Кондратьева Наталья Валерьевна,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ
Академияси Ўқув-услубий бошқарма
бошлиғи, подполковник