“Ибратли ҳарбий оила” танлови ғолиблари тақдирланди
15 май – Халқаро оила куни муносабати билан Миллий гвардия тизимида анъанавий “Янги Ўзбекистоннинг ибратли ҳарбийлар оиласи” республика кўрик-танлови бўлиб ўтди.
“Мустаҳкам оила – жамият таянчи” ғояси асосида ташкил этилган танловда ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган 18 та ҳарбий оила иштирок этди. Уч кун давом этган беллашувларда иштирокчилар “Таништирув”, “Оила мустаҳкамлиги – юрт тинчлиги”, “Қувноқ эстафета”, “Камондан отиш” ва “Инглиз тили билимдони” шартлари бўйича ўз билим ва маҳоратини намоён қилди.

— Бундай танловлар ҳарбий оилалар ўртасида ўзаро ҳурмат, аҳиллик ва миллий қадриятларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, бу каби ибратли оилалар ёшлар учун ҳақиқий намуна бўлиб хизмат қилади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг Стратегик режалаштириш бўйича маслаҳатчиси Мавлуда Низомова.

Танлов якунларига кўра, 1-ўрин Навоий вилояти бўйича бошқарма ҳарбий хизматчиси, 3-даражали сержант Бобомурод Тўғалов оиласига насиб этди. Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, “Ибратли оила” кўкрак нишони билан Миллий гвардия тизимида хизмат қилаётган учта намунавий ҳарбий оила тақдирланди.


Нигора Раҳмонова, ЎзА