Хусийлар Саудияга зарба бергани ростми?
Хусийлар Саудия Арабистонига ҳужум уюштиргани ҳақида хабарлар тарқалгач, Яқин Шарқда вазият янада кескинлашди. Минтақанинг 10 давлати – Баҳрайн, Исроил, Ироқ, Иордания, Кувайт, Ливан, Ўмон, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларидаги АҚШ элчихоналари америкаликларни ҳушёрликка чақириб, можаро тезда кенгайиши, парвоз ва сафар жараёни издан чиқиши эҳтимолидан огоҳлантирган.
Огоҳлантириш Ямандаги Эрон билан яқинлиги айтиладиган хусийлари шанба куни Саудияга баллистик ва қанотли ракета, шунингдек дрон орқали икки марта ҳужум амалга оширгани эълон қилингандан кейин берилди. Гуруҳ Ар-Риёддаги муҳим манзиллар ва Янбу шаҳридаги “Saudi Aramco” иншооти нишонга олинганини даъво қилган. Саудия раҳбарлигидаги коалиция эса пойтахт томон учирилган баллистик ракета тутиб қолинганини билдирди.
Хусийлар июль ойида Саудияга қарши денгиз қамали эълон қилиб, мамлакат шаҳарлари ва кемаларига ҳужумни кучайтирди. Ар-Риёд ҳам жавоб зарбаси йўлламоқда. Яманда хусийлар ҳудудий илгарилашдан тўхтамаган.
БМТ маълумотига кўра, август ойида жанжал кучайгандан кейин Тизз, Ҳудойда ва Мариб ҳудудларидаги 31 воқеада 110 нафар бегуноҳ аҳоли вакили жабрланган. Улардан 28 нафари ҳалок бўлган. Ташкилот ҳақиқий қурбонлар сони кўпроқ эканига эътибор қаратган.
Мусулмон Зиё, ЎзА