Италия мактабда диний кийим кийишни тақиқламоқчи
Италия Бош вазири Жоржа Мелони мактабда бурқа ва ниқoб кийишни тақиқлаш ҳамда хорижлик ўқувчилар сонига чегара қўйишни режалаштирмоқда. Ҳукумат бу чорани яқин орада қонун лойиҳаси сифатида кўриб чиқиши кутиляпти.
Таклиф қилинаётган лойиҳа мактаб тизимига мослашишда жиддий қийинчиликка дуч келаётган ўқувчилар ота-оналари учун итальян тилини ўрганиш талабини назарда тутади. Ҳозир мамлакат умумий таълим тизимида хорижлик ўқувчилар улуши учун мавжуд 30 фоизлик меъёр демографик шароит сабаб айрим ҳудудларда тўлиқ қўлланмайди. Мазкур ташаббус Италияда миграция масаласи сиёсий баҳс марказига чиққан, ўнг қанот истеъфодаги генерали Роберто Ванначчи каби янада қатъий чоралар талаб қилаётган сиёсий кучлар фаоллашган пайтга тўғри келди.
Ғояни ҳукмрон коалиция аъзолари хайрихоҳлик билан кутиб олган бўлса-да, мухолифат ва ҳуқуқшуносларга янгилик маъқул келмади. Энна университети конституциявий ҳуқуқ профессори Сальваторе Куррери фикрича, айни чеклов бола ва оила аъзоларини яшаш жойидан бошқа ҳудудга кўчишга мажбурлайди. Бу эса конституцияда кафолатланган таълим ҳуқуқига зид.
Италия режаси Европа учун нотаниш эмас: Франция ва Бельгияда жамоат жойида юзни тўлиқ беркитувчи кийимга тақиқ бор, Австрияда эса ўқувчи шундай кийинишига нисбатан алоҳида чеклов жорий этилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА