Хусийлар олдинга силжимоқда
Яман ҳукумати ва Саудия Арабистони билан алоқадор кучлар Эрон томонидан қўллаб-қувватланиши тахмин қилинадиган хусийлар ёндашуви доирасида муваққат пойтахт Адан устидан назоратни кучайтиришга интилмоқда.
DW нашри хабар беришича, БМТ томонидан тан олинган Яман ҳукумати билан иттифоқда ҳаракат қилувчи ва Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланадиган "Жанубий қуролли кучлар" гуруҳи якшанба куни Боб Ал-Мандиб бўғозидан чекингани маълум қилинди.
"Жанубий қуролли кучлар" таъкидлашича, кўчиш Адан жануби, шунингдек қўшни вилоятлар хавфсизлигини таъминлаш, фронт чизиғини мустаҳкамлаш ва мавжуд таҳдидни бартараф этишга қаратилган.
Расман Президент раҳбарлик кенгаши – “Presidential Leadership Council” (PLC) деб аталадиган Яман ҳукуматининг вақтинчалик қароргоҳи бир миллиондан кўп аҳоли истиқомат қиладиган Аданда жойлашган. Ҳукумат жануби-ғарбда стратегик аҳамиятга эга Тоиз шаҳри хусийлар томонидан қамал қилинишига ҳам чек қўйиш ниятида. Яманнинг ушбу учинчи йирик шаҳрида қарийб икки миллион одам яшайди.
Қамал аҳоли ўртасида очарчилик келтириб чиқарган. Шифохоналарда дори-дармон етишмовчилигидан келиб чиққан тиббий инқироз ҳам кўпчиликда хавотир уйғотган. Хусийлар мамлакат шимоли-ғарбининг катта қисмини, жумладан пойтахт Санони назорат қилади. АҚШ, Канада каби бир неча давлат уларни террор ташкилоти аъзолари, деб билади.
Сентябрь ойида хусийлар Қизил денгизни Адан кўрфази ва Ҳинд океани билан боғлайдиган, денгиз савдоси ва энергия етказиб бериш учун асосий йўлак саналган Боб Ал-Мандиб бўғози бўйлаб қирғоқнинг катта қисмини эгаллаб, Халқ озодлик фронтига қарши шиддатли ҳужум бошлади. Сўнгра ҳудуддаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, йирик порт шаҳри – Моха устидан ҳам назорат ўрнатди. Жанубий Яман қуролли кучларининг сўнгги кўчирилиши, эҳтимол, исёнчиларга стратегик муҳим ҳудуд устидан назоратни янада кучайтириш имконини берар. Манбалар “Франс Пресс” агентлигига маълум қилишича, хусийлар ҳозир Адан шаҳридан атиги 60 километр масофада турибди.
Яман ҳукумати ва хусийлар ўртасидаги можаро 10 йилдан буён давом этяпти. Сўнгги ҳафталарда хусийлар Саудияга ҳам тез-тез ҳужум қилмоқда. Масалан, якшанба куни Қирол Холид номли халқаро аэропорт ва пойтахт Ар-Риёддаги молия ҳудудига зарба берилган. Саудия эса хусийлар ҳужуми ҳақидаги маълумотни тасдиқламади.
А.Маматов, ЎзА