Германия кибер таҳдидга қарши курашувчи махсус хизмат ваколатини кенгайтиради
Германия махсус хизматлари анъанавий равишда бошқа мамлакатлардаги ҳамкасбларига қараганда камроқ ваколатга эга эди. Гибрид таҳдид кучайиши муносабати билан амалга оширилаётган янги ислоҳот мамлакат агентларига қўшимча ҳуқуқ беради.
DW нашри хабар беришича, Германияда кенг кўламли разведка ислоҳоти ўтказилиб, махсус хизматларга жосуслик, кибер ҳужум ва саботажга қарши самарали курашиш учун янги ваколатлар берилди.
Қонун BND ташқи разведка хизматига янада фаол чоралар кўриш, жумладан муайян шароитда шубҳали рақамли инфратузилмани ишдан чиқариш, шунингдек кузатув ва маълумотни сақлаш имкониятини кенгайтиришни назарда тутади.
Ўзгариш тарафдорлари таъкидлашича, энди замонавий хавфсизлик таҳдидига қарши туриш ва иттифоқчиларга қарамликни камайтириш зарур. Бинобарин, айрим танқидчилар огоҳлантиришича, янги ваколатлар ҳимоя чорасини заифлаштиради. Яъни, нацизм давридан қолган давлат кузатув мероси сақланиб қолган мамлакатда миллий хавфсизлик ва фуқаролик эркинлиги ўртасидаги мувозанат бузилиши ҳақидаги баҳс яна кучайиши мумкин.
А.Маматов, ЎзА