Хусийлар Маккага дрон учирдими?
Саудия Арабистони ҳаво мудофааси тизими Макка яқинида дронни тўхтатиб қолгани акс этган видео лавҳа ижтимоий тармоқда тарқалди. Баъзи оммавий ахборот воситалари ушбу тасвир 2025 йилга тегишли экани, воқеа Макка эмас, балки Мадинада юз берганини даъво қилмоқда.
Яманда қонунийликни қўллаб-қувватлаш Араб коалицияси вакили генерал Ал-Маликий икки муқаддас жой ва зиёратчилар хавфсизлиги “қизил чизиқ”лигини таъкидлади. Қўшимча қилинишича, тузилма хусийларга қарши зарур чора кўради.
Мулозим тахминан тўққиз йил олдин шаҳарга баллистик ракета учирилгандан кейин, бу хусийларнинг муқаддас шаҳарга иккинчи бор ҳужум қилишга уриниши эканини таъкидлаган.
Хусийлар Маккага хуруж ҳақидаги хабарни инкор этган.

Кўплаб давлатлар, масалан Туркия Ташқи ишлар вазирлиги орқали Маккага дахл ҳолатини қораламоқда.
Ушбу қардош мамлакат Саудия суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаб, Ар-Риёд билан бирдамлигини изҳор қилган.
Анқара минтақавий барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солувчи бундай ҳужумни зудлик билан тўхтатиш ва вазиятни янада кескинлаштириши мумкин бўлган ҳаракатдан тийилишга чақирган.

“Associated Press” Яқин Шарқ расмийларига таяниб ёзишича, Саудия Ҳаво мудофааси тизимининг душман ракетасини тутувчи воситалари сони сезиларли даражада камайган. Шу боис Ар-Риёд хусийларнинг ракета ва дрон ҳужумига қарши курашишда ёрдам сўраб Буюк Британия, Миср, Покистон ва Францияга мурожаат қилган.
Таъкидланишича, Ар-Риёднинг асосий иттифоқчиси ва қурол етказиб берувчиси Вашингтон эканлигига қарамай, Саудия АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти билан боғлиқ Америка қурол захираси камайиши шароитида қўшимча ёрдам сўрашга мажбур.
С.Раҳимов, ЎзА