Челсини ким сотиб олди?
“Clearlake Capital Group” инвестиция жамғармаси ҳаммуассислар Тодд Боэли ва Марк Уолтерга тегишли Англиянинг “Челси” футбол жамоаси миноритар улушини сотиб олиб, клуб устидан тўлиқ назоратни қўлга олишини тасдиқлади.
Хабарга кўра, тахминан 950 миллион фунт стерлинг ($1,27 миллиард)га баҳоланган ушбу битимдан сўнг америкалик тадбиркор Тодд Боэли Лондон клуби раиси лавозимини топширади. Баҳдод Эғболи ва Хосе Э.Фелисиано томонидан асос солинган “Clearlake” жамғармаси клубнинг чорак қисмини ташкил этган улушни сотиб олишда швейцариялик миллиардер Хансйорг Висс билан ҳамкорлик қилди. Клуб раҳбарияти кундалик амалиёт, раҳбарият ва ривожланиш режасида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаслигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Боэли, Уолтер, Висс ва “Clearlake” консорциуми Челсини 2022 йил майда россиялик миллиардер Роман Абрамовичдан 4,25 миллиард фунт стерлингга сотиб олган. Раисликдан кетаётган Тодд клубни бошқариш ўзи учун шараф бўлганини таъкидлаб, “Clearlake” раҳбарлигида “Челси” келгусида ҳам муваффақият қозонишига ишонч билдирди. Ҳозир жамоа Англия Премьер-лигаси янги мавсумидаги дастлабки ўйинлардан сўнг мусобақа жадвалида олтинчи ўринни эгаллаб турибди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА