Ҳусайн Норчаев порлаган ўйинда "Навбаҳор" ғалаба қозонди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 15-тури доирасида икки учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Суперлигасининг 15-тур баҳслари бир қатор ёрқин воқеалар билан мухлислар эътиборини тортмоқда. Тур қаҳрамонига айланган «Навбаҳор» ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев ўзининг сермаҳсул ўйини билан нафақат жамоасига йирик ғалаба келтирди, балки клуб тарихидаги унутилмас саҳифалардан бирини ёзди.
Наманганда бўлиб ўтган баҳсда «Навбаҳор» «Хоразм»ни 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувнинг бош қаҳрамони Ҳусайн Норчаев бўлиб, у рақиб дарвозасига кетма-кет тўртта гол йўллади ва покер муаллифига айланди. Бу натижа нафақат мазкур ўйин, балки клуб тарихи учун ҳам алоҳида аҳамият касб этди.
Гап шундаки, «Навбаҳор» сафида Суперлига баҳсида бир ўйиннинг ўзида тўртта гол урган футболчи сўнгги марта 2014 йилда қайд этилган эди. Ўшанда украиналик ҳужумчи Руслан Качур ўз майдонида «Бухоро»га қарши кечган учрашувда (4:1) покер муаллифи бўлган эди. Орадан 12 йил ўтиб, Ҳусайн Норчаев ушбу тарихий натижани такрорлаб, ўз номини наманганликлар солномасига муҳрлади.

Тур доирасида яна бир баҳс Муборак шаҳрида бўлиб ўтди. Унда мезбон «Машъал» ўз майдонида «Сўғдиёна»ни қабул қилди. Учрашув меҳмонлар устунлигида ўтди ва жиззахликлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
«Сўғдиёна»нинг барча голларига Люпчо Дориев муаллифлик қилди. У 5-дақиқада ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлим бошида пенальтидан яна бир бор аниқ зарба йўллади. 60-дақиқада эса Милан Митровичнинг узатмасидан фойдаланиб, хет-трикни расмийлаштирди. Учрашувга қўшиб берилган вақтда Азизбек Чориев мезбонларнинг ягона голини киритди.
15-тур баҳслари 3 август куни ҳам давом этади. Соат 19:30 да Қўқонда «Қўқон-1912» «Сурхон»ни қабул қилади. Турнинг марказий учрашувларидан бири эса Олмалиқда бўлиб ўтади. Унда чемпионлик учун курашаётган ОКМК ўз майдонида «Насаф» билан куч синашади. Шунингдек, Самарқандда «Динамо» ва «Нефтчи» жамоалари ўртасидаги қарама-қаршилик ҳам турнинг энг қизиқарли баҳсларидан бири сифатида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА