Ҳуқуқий билим бор жойда ҳушёрлик бор
Инсон ўз ҳуқуқини қанчалик яхши билса, унинг ҳаётида адолат ва қонунийлик шунчалик мустаҳкам қарор топади. Зеро, ўз ҳуқуқини билган фуқаро муаммосига бефарқ қарамайди, қонун доирасида ўз манфаатини ҳимоя қила олади ва жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳисси билан ёндашади.
Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада аҳолига ҳуқуқий билим беришни маҳалланинг ўзигача олиб бориш, одамларни қийнаётган масалаларни жойида ўрганиш ва уларга аниқ тушунтириш бериш муҳим вазифалардан бирига айланди.
Шу мақсадда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ташаббуси билан аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” платформаси доирасида ҳудудларда очиқ мулоқотлар мунтазам ташкил этилмоқда.
Ана шундай очиқ мулоқотлар бири Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманидаги “Қалайчорбоғ”, “Бўзачи” ҳамда Бухоро шаҳридаги “Наршахий” маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилди.
Мулоқотларни ташкил этишда асосий эътибор “муаммо юзага келгандан кейин уни ҳал қилиш” эмас, балки унинг олдини олиш тамойилига қаратилди. Шу боис дастлаб ҳудудларда фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилиниб, ҳар бир маҳалла учун энг долзарб масалалар белгилаб олинди. Учрашувларга эса ана шу масалаларга дахлдор масъул идоралар вакиллари жалб этилди.
Учрашувлар давомида фуқароларга бугунги кунда тобора долзарб аҳамият касб этаётган кибержиноятчилик ва молиявий фирибгарликдан ҳимояланиш, шубҳали қўнғироқлар ва хабарларга алданиб қолмаслик, шахсий маълумотларни асраш каби масалалар бўйича муҳим тавсиялар берилди.
Шунингдек, меҳнат муносабатлари, ходимларнинг ҳуқуқлари, иш берувчи ва ходим ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар, меҳнат миграцияси соҳасидаги қонунчилик талаблари юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди.
“Омбудсман мактаби”нинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда назарий тушунтиришлар амалий мулоқот билан уйғунлаштирилмоқда. Фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита масъуллардан жавоб олиш, ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор масалалар бўйича аниқ тушунчага эга бўлиш имкониятига эга бўлмоқда.
Очиқ мулоқотлар якунланганидан сўнг Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнованинг сайёр қабули ҳам ташкил этилди. Унда фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, кўтарилган масалалар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди ва уларни ҳал этиш бўйича чоралар белгилаб олинди.
Бу эса “Омбудсман мактаби”нинг мазмун-моҳияти фақат ҳуқуқий саводхонликни ошириш билан чекланиб қолмасдан, фуқаро мурожаати — ҳуқуқий маслаҳат — амалий кўмак — натижа занжири асосида ишлашини кўрсатмоқда.
Киберфирибгарликдан ҳимояланиш ҳам, меҳнат шартномасини тузишда ўз ҳуқуқини талаб қилиш ҳам, меҳнат миграцияси жараёнида қонуний йўл тутиш ҳам, энг аввало, инсоннинг ўз ҳуқуқини билишига бориб тақалади. Шу маънода, “Омбудсман мактаби” қонунни қоғозда қолдирмай, уни инсоннинг кундалик ҳаётига яқинлаштираётган муҳим майдондир.
Бухоро вилоятидаги очиқ мулоқотлар ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда. Зеро, ҳуқуқий билим бор жойда ҳушёрлик бор, ҳушёрлик бор жойда эса фирибгарлик ва ҳуқуқбузарликларга қарши мустаҳкам тўсиқ пайдо бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири