“Ҳукумат соати”: сув хўжалиги вазири депутатларнинг саволларига жавоб берди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати”да “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси” ижроси ҳамда сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала муҳокама қилинди. Унда депутатларнинг саволларига сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев жавоб берди.
Вазир таъкидлаганидек, мамлакатимизда сув ресурсларини самарали бошқариш, сув тежовчи ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш, ирригация тармоқларини модернизация қилиш борасидаги ишлар натижасида жами 10 миллиард 691 миллион куб метр сув тежалишига эришилган.
Хусусан, сув тежовчи технологияларни қўллаш ва ерларни лазерли текислаш ҳисобига 5 миллиард куб метр, ирригация тармоқларини таъмирлаш, тиклаш ва бетонлаштириш орқали 3 миллиард 141 миллион куб метр, рақамли технологияларни жорий этиш натижасида 671 миллион куб метр сув тежалган. Кам сув талаб қиладиган экинлар улушини ошириш ва агротехника тадбирлари ҳисобига эса 2 миллиард куб метр сув иқтисод қилинган.
Сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини электрон шаклда юритиш мақсадида “Suv hisobi” ахборот тизими тўлиқ ишга туширилди. Ушбу тизим Кадастр агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Crop Agro” ахборот тизими, “Сувхўжаликназорат” инспекцияси ҳамда “Ўзбеккосмос” агентлигининг тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилиниб, маълумот алмашинуви йўлга қўйилди. 2026 йилнинг январь-октябрь ойларида ушбу ахборот тизими орқали манбалардан истеъмолчиларга етказиб берилган жами 35 миллиард куб метр сув расмийлаштирилди.
Шунингдек, 100 мингта қишлоқ хўжалиги корхонаси билан сувдан фойдаланганлик бўйича 817 мингта далолатнома электрон шаклда расмийлаштирилди. Етказиб берилган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотлар эса реал вақт режимида солиқ органларига тақдим этиб борилмоқда.
— Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун жами 173 минг км узунликдаги ирригация тармоқлари хизмат кўрсатади. Уларнинг 29 минг километри магистрал ва хўжаликлараро каналлар, 48 минг километри “Сув етказиб бериш хизмати” ДМлар ҳисобидаги каналлар, 96 минг км кластери эса фермер хўжаликлари ҳисобидаги каналларни ташкил этади. 2017 йилда 9,7 минг км бетон қопламали каналларимиз бўлган бўлса, 2025 йилга келиб ушбу кўрсаткич 11 600 км га етди. 2026 йилда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 минг километр узунликдаги каналлар бетонлаштирилиб, бетон қопламали каналларнинг умумий узунлиги 12,7 минг километрга етказилди. Шунингдек, 26,5 километр лоток ва 33,1 километр ёпиқ суғориш қувурлари реконструкция қилинди. Кластер ва фермер хўжаликларининг ўз маблағлари ҳисобидан эса 21,1 минг километр ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилди, — деди вазир.

“Ҳукумат соати”да сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик ва аутсорсингни жорий этиш, сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш тамойилларини жорий қилиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди. Вазир қайд этганидек, соҳада давлат-хусусий шериклик асосида жами 1 минг 976 та лойиҳа амалга оширилган. Ушбу лойиҳалар доирасида 494 та насос станцияси, 3 041 километр ирригация-мелиорация тармоғи ҳамда 2 минг 217 та тик қудуқ хусусий шериклар бошқарувига берилган.
Шунингдек, хусусий шериклар томонидан 229 та насос ва 186 та электродвигатель янгиланиб, 272 та энергия тежамкор қурилма ўрнатилди. Қолаверса, жорий йилнинг ўзида давлат-хусусий шериклик асосида 33 та лойиҳа амалга оширилди.
“Ҳукумат соати”да халқ вакиллари томонидан бир қатор саволлар ўртага ташланди, соҳа истиқболига қаратилган таклифлар берилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА