Болалар онкологияси: йилига 400 дан ортиқ болага суяк кўмиги трансплантацияси зарур, аммо...
Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган навбатдаги “Ҳукумат соати”да соғлиқни сақлаш вазири Э.Адиловнинг “2025-2030 йилларда болалар саратонига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегияси” доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Вазир томонидан қайд этилганидек, оғир онкогематологик касалликларга чалинган болалар учун суяк кўмиги трансплантацияси муҳим ҳисобланади. Бу борада Туркия Республикасида давлат ҳисобидан, Болалар миллий тиббиёт маркази ҳамда Республика болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказида трансплантациялар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2025 йилда 32 та, 2026 йил 1 ноябрь ҳолатига эса 36 та трансплантация ўтказилган.
Бироқ, йиллик эҳтиёж бўйича 400 нафардан ортиқ болага суяк кўмиги трансплантацияси хизматини кўрсатиш кераклиги айтиб ўтилди. Ҳозирда бу эҳтиёжнинг 10 фоизидан ками қопланмоқда. Вазирлик маълумотига кўра, зарур дори воситалари, сарф материаллари ва лаборатория текширувлари учун маблағ ажратилган тақдирда, 2027 йилда трансплантациялар сонини 100 тага етказиш имконияти мавжуд. Вазир 2030 йилгача трансплантациянинг асосий қисмини мамлакатимиз клиникаларида халқаро хавфсизлик ва сифат талабларига риоя этган ҳолда бажариш — бугунги кундаги стратегик вазифа эканини алоҳида таъкидлади.
Ушбу йўналишдаги муаммолардан яна бири — трансплантация бўлими ва типлаш лабораторияси жойлашадиган асептик корпус қурилиши икки йилдан ортиқ кечикмоқда. Вазирга кўра, 2027 йилда бу ишларни якунлаб, корпусни фойдаланишга топшириш орқали ўзак трансплантацияси операцияларини маълум даражагача кўтариш имкониятига эга бўлинади.
Бундан ташқари, суяк кўмиги донорлари миллий реестрини ташкил этишга оид қарор ҳали қабул қилинмаган. Соҳада кадрлар салоҳиятини оширишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Болалар онкологияси бўйича 12 минг 445 нафар мутахассис ўқитилган, уларнинг 7 минг 793 нафари сертификат олган.

Стратегияга кўра, 2030 йилгача касалликни эрта аниқлаш улушини 65 фоизга, беш йиллик яшовчанлик даражасини эса камида 60 фоизга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун бирламчи тиббий ёрдам муассасалари шифокорлари учун хавфли белгилар бўйича алгоритмлар жорий этиш ва ҳар бир бемор боланинг даволаш жараёнини электрон реестр орқали кузатиб бориш кўзда тутилган.
Қайд этилганидек, ҳудудий диагностика имкониятлари ҳам кенгайтирилади. Юқори технологик ёрдамни фақат пойтахтда эмас, аҳолига имкон қадар яқин жойда ташкил этиш мақсадида Самарқандда минтақалараро болалар онкогематология марказини ишга туширишдан иборат.
Муҳокамаларда депутатлар бир қатор саволлар билан вазирга юзланди.
Депутат:
— Президентимизнинг тегишли қарорига асосан паллиатив ва хоспис ёрдам кўрсатиш бўйича қонун лойиҳаси парламентга киритилиши лозим эди. Аммо ҳалигача бу лойиҳа палатага тақдим этилгани йўқ. Бунинг сабаби нимада?
Вазир:
— Бу борадаги қонун лойиҳаси Президентимизнинг аҳолига паллиатив тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин қайта такомиллаштирилиб, бугунги кунда ҳукуматга киритилган.
Депутат:
— Суяк кўмиги трансплантацияси бўйича ҳуқуқий асослар белгилаб берилган бўлишига қарамасдан, мамлакатимизда ушбу амалиётдан кам фойдаланиш ҳолатлари учраяпти. Бу амалиётлар камлигининг сабаби нимада ва бу борада ишларни кенг йўлга қўйиш бўйича қандай режалар кўзда тутилган?
Вазир:
— Биз йилига 400 та болага суяк кўмиги трансплантациясини амалга оширишга эҳтиёжимиз бор. Лекин баъзи сабаблар туфайли трансплантация амалиётларини 400 тага чиқара олмадик. Болалар онкогематологияси маркази ҳудудида асептик корпус қурилиши якунига етказилган. Ушбу корпус фойдаланишга топширилиши билан трансплантациялар сонини кескин кўтариш имконияти пайдо бўлади. Иккинчидан, суяк кўмиги донорларининг миллий реестрини юритишимиз керак. Бунинг учун 10 мингта донорга эга бўлсак, жаҳон донорлари реестрига кира оламиз. Бугунги кунда мана шу ишлар бошланган, бу механизмни тартибга солиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиққанмиз.
“Ҳукумат соати”да бир қатор таклиф ва тавсиялар илгари сурилди. Якунда трансплантация инфратузилмасини ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш ва даволаш имкониятларини кенгайтириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА