Болаларда онкогематологик касалликларни аниқлаш ҳолати қандай? — Вазир ахборот берди
Мамлакатимизда болаларда онкологик ва онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш, замонавий ташхис ва даволаш усулларини жорий этиш, дори воситалари билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада болаларда касалликни эрта аниқлаш улуши 2023 йилдаги 23 фоиздан 2025 йилда 28 фоизга етган. Даволаш натижасида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Жумладан, гемобластозларда бир йиллик яшовчанлик 17 фоиздан 42-43 фоизга, солид ўсмаларда эса 37 фоиздан 44,5 фоизга кўтарилган.
Болаларга бепул бериладиган дори воситалари рўйхати 89 номдан 194 номга, яъни 2,2 баробарга кенгайтирилган. Зарур ўсмага қарши дори воситалари билан таъминланганлик даражаси эса илгари ҳар уч боладан бирини ташкил этган бўлса, ҳозирда 88 фоизга, айрим йўналишларда 100 фоизга етган.
Шунингдек, Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказида операциялар сони 2023 йилдаги 330 тадан 2025 йилда 877 тага, юқори технологик операциялар эса 35 тадан 165 тага кўпайган. 2025-2026 йилларда болаларга 36 та ўсувчи эндопротез ўрнатилгани ҳам даволаш имкониятлари кенгаяётганини кўрсатади.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтаётган “Ҳукумат соати”да маълум қилинди. Унда соғлиқни сақлаш вазири Э.Адиловнинг “2025–2030 йилларда болалар саратонига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегияси” доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилмоқда.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА