Ҳудудларда тадбиркорлар фаолияти ўрганилиб амалий кўмак берилмоқда
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ўрганиш ва уларга амалий кўмак беришга қаратилган кенг кўламли тадбирлар ўтказилмоқда.
Жумладан, инспекция ходимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида фаолият юритаётган “QARAQALPAQ QAG‘AZ QAYTA ISLEW” МЧЖ, “MURATBEK MEBEL” МЧЖ, “Speshial plast” МЧЖ, “Xondamir xolding” МЧЖ, “Zarafshon golden group” МЧЖ, “CHUST BARAKA YOG‘ MOY” МЧЖ, “ELISOF TEXTILE” МЧЖ, “RAHMATULLA MAHMUDOV” оилавий корхонаси, “UMAR-SYSTEM” МЧЖ, “LIFE TEKS” МЧЖ, “MEGA PACK” МЧЖ, “Arzon plyus mahsulot” МЧЖ, “Alibek restoration” оилавий корхонаси, “LUXFABRIC” МЧЖ, “IMZO-GLASS KHAREZM” МЧЖ, “BAQQOL-DON SAVDO” МЧЖ ҳамда “MMX-PRO” МЧЖ фаолияти ўрганилди.

Ташрифлар давомида корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари, маҳсулот сифати ва замонавий лаборатория ускуналаридан фойдаланиш ҳолати яқиндан ўрганилди. Шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ҳамда метрология соҳаларидаги муаммолар бевосита жойида муҳокама қилинди.

Айниқса, экспорт салоҳиятини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш ва халқаро стандартларга мослаштириш бўйича тавсиялар берилди. Шу билан бирга, масъул ходимларга янги қонунчилик ҳужжатлари, ҳукумат қарорлари ва техник регламентлар мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, ўрганишлар фақат назорат билан чекланиб қолмай, хатолар ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган амалий кўмак кўринишида ташкил этилди. Бу каби амалий мулоқотлар корхоналарнинг халқаро стандартларга мослашуви, маҳсулотлар сифати ошиши ва экспорт географияси кенгайишига хизмат қилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА