Ҳудудий ривожланиш ва аҳоли манфаатлари — депутатлар эътиборида
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, транспорт хизматлари барқарорлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор масалалар кўриб чиқилди.
Хусусан, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар томонидан шаҳар атрофи ва вилоят ичидаги шаҳарлараро автобус йўналишларида хизмат кўрсатиш натижасида кўрилган зарарларни субсидиялар ажратиш орқали қоплаб бериш масаласи муҳокама қилинди. Бунда йўловчи ташиш хизматларининг барқарорлигини таъминлаш, аҳолига транспорт хизматларининг узлуксиз кўрсатилишини қўллаб-қувватлаш ҳамда ташувчилар фаолиятини рағбатлантириш муҳим вазифалар сифатида белгиланди.

Кун тартибидан ўрин олган яна бир муҳим масала вилоятда 2026 йил учун белгиланган “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман, шаҳар, маҳаллалар” ҳамда “Оғир тоифадаги туман, шаҳар ва маҳаллалар” дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар параметрларига ўзгартиришлар киритиш билан боғлиқ бўлди.
Мазкур масала муҳокамасида ҳудудлардаги мавжуд эҳтиёж ва устувор вазифалардан келиб чиқиб, белгиланган лойиҳалар кўрсаткичларини қайта кўриб чиқиш, уларнинг ижросини самарали ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини жойларда тизимли таъминлаш юзасидан фикр алмашилди.

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларига солиқ тўловлари муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Сессия давомида кун тартибига киритилган барча масалалар юзасидан масъулларнинг ахборот ва ҳисоботлари тингланиб, депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Кўриб чиқилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
А.Мусаев,ЎзА