“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ: Андижонда 12 ходимга нисбатан жиноий иш қўзғатилди
Энергетика соҳасида қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат кучайтирилмоқда. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Ички аудит ва комплаенс назорат хизмати томонидан ўтказилаётган ўрганишлар давомида бир қатор ҳудудларда электр ҳисоблагичларни ўрнатиш ҳамда электр энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ қонунбузилишлар аниқланди.
Жумладан, жамиятнинг Андижон ва Самарқанд филиалларида электр энергияси ҳисоблагичларининг истеъмолчиларга қонунчилик талабларига мувофиқ ўрнатилиши юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижасида бир қатор қонунбузилишлар фош этилди.
Андижон филиалида электр ҳисоблагичларни ўрнатиш жараёнида қонунчилик талаблари бузилгани, шунингдек, ҳисоблагичлар камомадига йўл қўйилгани аниқланди. Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли тартибда хабар берилди. Натижада қонунбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган 12 нафар ходимга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Айни пайтда жамиятга етказилган зарарни қоплаш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Самарқанд шаҳридаги текширувлар давомида эса электр ҳисоблагичларининг айрим истеъмолчиларга жамият маблағлари ҳисобидан ноқонуний равишда ўрнатилгани маълум бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилган бўлиб, етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилмоқда.
Назорат тадбирлари давомида Сирдарё вилоятида ҳам йирик қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Мирзаобод туманида ўтказилган рейд вақтида “Б. Ф.” фермер хўжалиги электр ҳисоблагичини четлаб ўтиб, тармоққа ноқонуний уланган ҳолда электр энергиясидан фойдалангани маълум бўлди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қонунбузарлик оқибатида электр таъминоти корхонасига 1,8 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чора кўриш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, бундай текширувлар электр тармоқларида шаффофликни таъминлаш, давлат маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан назоратни кучайтириш ҳамда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида изчил давом эттирилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА