Ховос – тарих, қадрият ва янги имкониятлар маскани
Ховос туманида тарихий мерос, туризм ва таълим соҳасида янги имкониятларни очишга қаратилган йирик форум бўлиб ўтди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда олимлар, археологлар, туризм мутахассислари, талабалар, умумтаълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Иштирокчилар дастлаб 2700 йиллик тарихга эга экспонатлар сақланаётган “Ўлкашунослик” музейига ташриф буюрдилар. У ерда Ўз МУ олимлари томонидан яратилган “Ховос туризми” бурчаги тақдим этилди. Шунингдек, Эски Ховос шаҳарчаси, Толтепа археология ёдгорлиги, Саду-Сиад, Шер бобо, Юсуф бобо ва Биби ҳадича зиёратгоҳларига саёҳат уюштирилди.

Шундан сўнг, форумда Ховоснинг бой тарихий мероси ва маданий қадриятларини туризм ва таълим билан уйғунлаштириш, археологик тадқиқотлар натижаларидан самарали фойдаланиш, инфратузилмани ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Форумнинг илмий қисмида “Ховос – Буюк ипак йўли чорраҳасида муқаддас қадамжолар маскани”, “Ховос – тарих ва табиат уйғунлиги”, “Ховос: миллий мерос ва замонавий туризм” мавзуларида семинар-тренинглар ўтказилди. Археологик топилмалар тақдим этилди, тарихий объектларни муҳофаза қилиш ва уларни туризм йўналишларига жалб этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, “Ёшлар кўзи билан Ховос” мавзусида иншолар танлови, рассомчилик ва ижодий ишлар кўргазмаси, “Заковат” интеллектуал ўйини, китоблар кўргазмаси ва акцияси, талабалар ва ўқувчилар билан очиқ мулоқот, маҳорат дарслари ташкил этилди.

Форум иштирокчилари таъкидлаганидек, Ховос нафақат тарихий излар ва қадимий меросга, балки замонавий таълим ва туризм салоҳиятига эга маскан сифатида катта истиқболга эга.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири