Қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётган хотин-қизлар муаммолари муҳокама этилди
Тошкент давлат аграр университетида қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган хотин-қизлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2026 йил 20 августдаги топшириғи ижроси доирасида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилаётган бундай учрашувлардан кўзланган асосий мақсад хотин-қизларнинг мурожаатларини тинглаш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топиш ва амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.
Қўмита томонидан тегишли вазирлик, идоралар ҳамда банклар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда фермерлик, томорқачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, шунингдек, чорвачилик билан шуғулланаётган аёлларнинг таклиф ва муаммолари атрофлича муҳокама этилди.

Учрашувда мамлакатимизнинг 13 та ҳудудидан 199 нафар хотин-қиз иштирок этди. Уларнинг 19 нафари ўз мурожаат ва таклифларини масъул ташкилотлар ва банклар вакилларига бевосита етказиш имконига эга бўлди. Суҳбат давомида аёллар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, хўжалик фаолиятини кенгайтириш ва даромадларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қишлоқ хўжалигида хотин-қизларнинг ўрни ва ҳиссаси салмоқли. Табиийки, уларнинг ҳам ўз муаммолари, ўйлантираётган долзарб масалалари мавжуд.
Мазкур муаммоларни бартараф этишда молиявий қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади. Президентнинг 2025 йил 3 декабрдаги тегишли Фармонига мувофиқ, 2026–2027 йилларда 6 минг нафар хотин-қизнинг тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун 2 триллион сўм йўналтирилиши белгиланган.

Очиқ мулоқот давомида ҳам айнан молиявий масалалар кўпчилик иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди. Жумладан, 37 нафар хотин-қиз кредит ва молиявий кўмак олиш бўйича ўз таклифларини билдирган. 15 нафар иштирокчи маҳсулотларни сотиш ва экспорт қилиш, 14 нафари эса ер ажратиш масаласини кўтарган. Бундан ташқари, суғориш тизими, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналар хариди, иссиқхона ташкил этиш ҳамда субсидия олиш билан боғлиқ мурожаатлар ҳам кўриб чиқилди.
Айниқса, сув таъминотига доир муаммолар юзасидан билдирилган фикрлар эътиборга молик бўлди. Қашқадарёлик иштирокчи суғориш тармоғининг охирида жойлашган экин майдонларига сув етиб бормаётганини маълум қилди. Бухоролик фермер сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва лазерли ер текислагич харид қилишда амалий ёрдам сўради. Навоий вилоятидан келган фермер эса далаларда сув ўлчагичлар ўрнатиш таклифини илгари сурди.
Ҳудудлардан билдирилган бошқа мурожаатлар ҳам соҳадаги долзарб эҳтиёжларни намоён этди. Қорақалпоғистонлик фермер экспортбоп жийда плантациясини барпо этиш учун сифатли кўчатлар ва агротехник маслаҳатга эҳтиёж борлигини айтди. Хоразмлик иштирокчи эса етиштирилган маҳсулотни сақлаш учун совиткичли омбор ташкил этиш ва чорвачилик фаолиятини кенгайтириш мақсадида имтиёзли кредит олиш масаласини кўтарди.

Мурожаатлар юзасидан масъул ташкилотлар вакиллари томонидан бир қатор амалий ечимлар муҳокама қилинди. Жумладан, сув таъминотидаги узилишларни соҳа мутахассислари билан биргаликда ўрганиш, экспортга мўлжалланган жийданинг мақбул навларини танлаш ва сифатли кўчатлар етказиб беришда илмий-амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг асосида харид қилиш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Мулоқот давомида келгусидаги ҳамкорликка оид ташаббуслар ҳам илгари сурилди. Хусусан, имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратишда фермер ҳамда томорқа эгаси бўлган хотин-қизларга устуворлик бериш таклифи билдирилди. Шунингдек, тажрибали ва илғор фермер аёллар иштирокида ҳудудларда тажриба алмашиш мактабларини ташкил этиш, аграр маслаҳат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, маҳсулотларни ички бозорда сотиш ва экспортга йўналтиришда кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида барча мурожаат ва таклифларни ягона электрон платформага киритиш, ҳар бир масала бўйича масъул ташкилот ва аниқ ижро муддатини белгилашга келишиб олинди. Уларнинг бажарилиши мунтазам назорат қилиб борилиши таъкидланди.
Очиқ мулоқот қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг мавжуд муаммоларини аниқлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва соҳадаги имкониятларини янада кенгайтириш йўлидаги муҳим мулоқот майдони бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА