Хотира тадбири ва китоб тақдимоти ўтказилди
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида марҳум журналист, шоир ва публицист Маҳмуд Мардиевнинг 70 йиллигига бағишланган хотира тадбири ва “Сокин қўнғироқ” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Хотира тадбирида марҳумнинг оила аъзолари, дўстлари, ҳамкасб ва шогирдлари иштирок этди.
1956 йили Нурота туманида туғилган М.Мардиев 1982 йили Тошкент Давлат университетини битирган. У “Ўзбекистон овози”, “Туркистон”, “Халқ сўзи”, “Зарафшон” ва “Дўстлик байроғи” газеталарида ишлаган.
Маҳмуд Мардиев нафақат қалами ўткир ижодкор, балки сўз масъулиятини чуқур ҳис этган, қалб кечинмаларини шеър орқали ифода этишга интилган инсон сифатида ҳам кўпчиликнинг хотирасида сақланиб қолган. Унинг ижодий мероси ўз даврининг руҳини, инсон туйғуларини, ҳаёт ҳақиқатларини ва маънавий қадриятларни ўзида мужассам этган.
1990 йили “Ўзбекистон” нашриётида унинг “Олмоқнинг бермоғи бор” публицистик мақолалар тўплами чоп этилган. Шеърлари қатор тўпламларга киритилган.
– Таниқли журналист ва публицист Маҳмуд Мардиев ҳақида касбдошлар, қишлоқ аҳли, ижодкорлар ҳали-ҳамон фахрланиб гапиришади, – дейди шоир ва таржимон Вафо Файзуллоҳ. – Унинг серқирра ҳаёт ва ижод йўли, олийжаноб фазилатлари, бебаҳо қобилияти ҳақида кўп эслашади. Оддийлик ва одамийлик хислатлари соҳиби бўлган бу инсондан кейинги авлодларга ёрқин хотира, ибрат олишга арзигулик жиҳатлар қолган.
[gallery-31999]
“Сокин қўнғироқ” китоби Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Салима Умарова ташаббуси билан чоп этилган. Китобда М.Мардиевнинг умри давомида ёзган шеърлари, сочмалари ва мақолаларининг энг саралари жой олган ва биринчи марта яхлит ҳолда чоп этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар М.Мардиев ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди, у кишининг шеърларидан намуналар ўқиб беришди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари