Ҳосил тақдири ҳал бўладиган палла
Пахта далаларида ҳал қилувчи палла бошланди. Бир неча ойлик меҳнат самараси энди якуний агротехник тадбирларнинг қай даражада сифатли бажарилиши ва теримнинг қанчалик тўғри ташкил этилишига боғлиқ. Ҳосилни далада нобуд қилмаслик, ғўзани тўлиқ қуритиб, пахтани мақбул муддатда ва сифатини сақлаган ҳолда йиғиб олиш – бугунги куннинг энг муҳим вазифаси. Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Сирдарё вилоятидаги ўрганишларида ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратди.
Иброҳим Абдураҳмонов Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Боёвут, Ховос ва Сирдарё туманларидаги майдонларда ғўзанинг пишиб етилиши, кўсакларнинг очилиши, десикация ишлари ҳамда якуний агротехник тадбирларнинг ҳолати билан танишди.

Жумладан, Оқолтин туманидаги 44 гектарлик пахта майдонида ҳосилни теримга тайёрлашда Этефон ва Авгурон препаратлари билан ишлов бериш, шунингдек, десикация тадбирлари самарали ташкил этилгани қайд этилди. Агротехник тадбирларнинг уч босқичда сифатли бажарилиши ғўзанинг бир маромда пишиб етилишига замин яратган. Бироқ даладаги иш ҳали якунлангани йўқ. Эндиги асосий вазифа — ҳосилни ўз вақтида ва нобудгарчиликсиз йиғиб олиш.
Иброҳим Абдураҳмонов ғўза тўлиқ қуриб, ҳосил теримга мақбул ҳолатга келгач, йиғим-теримни бошлаш зарурлигини таъкидлади. Бу жараёнда техника ва ишчи кучидан самарали фойдаланиш, теримни қисқа муддатларда ташкил этиш ҳамда пахта сифатини сақлаш муҳимлиги қайд этилди.

Боёвут туманидаги “Юлдуз” фермер хўжалигининг 15 гектарлик пахта майдонида ҳосилнинг очилиш жараёни юқори босқичга етгани кузатилди. Якуний десикация ишлари тугалланганидан сўнг гектарига 20 литрдан ХМД препарати билан ишлов бериш тавсия этилди. Бу ерда асосий эътибор ғўза поясининг тўлиқ қуришига қаратилди. Шунингдек, агротехник талабларга риоя этилса, айрим майдонларда гектаридан 20 центнергача қўшимча ҳосил олиш имконияти борлиги таъкидланди.

Пахта далаларидаги ишлар фақат ҳосилдорлик билан чекланмайди. Дала четларининг озодалиги, йўл бўйларида пластик идишлар тўпланишининг олдини олиш ва атроф-муҳитни асраш масалалари ҳам эътибордан четда қолмади. Вазир йўл четларига ўрнатилаётган махсус мосламаларни кўздан кечириб, уларни янада такомиллаштириш ва амалиётда самарали қўллаш бўйича тавсиялар берди.
Боёвутдаги яна бир 35 гектарлик майдонда мавсумий агротехник тадбирлар белгиланган муддатларда бажарилган. Бироқ ҳосилни теримга тўлиқ тайёрлаш учун десикация ишларини якунига етказиш зарурлиги қайд этилди.

Бошқа 35 гектарлик майдонда эса Этефон ва Авгурон препаратлари қўлланилиб, десикация ишлари ҳам амалга оширилган. Натижада кўсаклар бир маромда очилиб, ҳосилнинг асосий қисми теримга тайёр ҳолатга келган. Шу билан бирга, ҳосилдорликни янада ошириш мақсадида яна беш кун давомида якуний агротехник тадбирларни давом эттириш ва ХМД препарати билан ишлов бериш тавсия қилинди.

Вазир Ховос туманидаги 35 гектарлик пахта даласида ҳам бўлиб, агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилганлигини таъкидлади. Фермер хўжалиги раҳбарининг айтишича, жорий мавсумда пахтачиликдаги янги ёндашувлар ўз самарасини бера бошлаган.

– Аввалги йилларда бу майдонлардан нисбатан кам ҳосил олганмиз. Бу йил агротехник тадбирларни аниқ ва ўз вақтида бажаришга алоҳида эътибор қаратдик. Мавсум якунида камида 80 центнер ҳосил олишни кутяпмиз, – дейди “Боёвутлик Ҳумоюн” фермер хўжалиги раҳбари Абдулла Бегматов.
Сирдарё туманидаги “Sheng Agro T” компаниясининг Ҳақиқат СИУ ҳудудидаги 60 гектарлик пахта майдонида ҳам теримга тайёргарлик ҳолати ўрганилди. Кузатувлар ғўза барг ва пояларининг қуриш ҳолати, кўсакларнинг очилиши ҳамда ҳосилнинг теримга тайёрлик даражасини баҳолаш имконини берди.

Вазир ҳосилни белгиланган муддатларда йиғиб олиш, далада қолиб кетишига йўл қўймаслик, терим жараёнини техника ва ишчи кучидан унумли фойдаланган ҳолда ташкил этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берди.
Пахтачиликда ҳосил тақдири, аслида, терим бошланган куни эмас, ундан анча олдин – якуний агротехник тадбирлар бажарилаётган паллада ҳал бўлади. Ғўзанинг тўлиқ қуриши, кўсакларнинг мақбул даражада очилиши, ҳосилнинг етилиши ва теримни ўз вақтида бошлаш сифатли пахта ва юқори ҳосилнинг муҳим шартларидир.

Мақсад – даладаги ҳар бир кўсакни асраш, етиштирилган ҳосилни нобудгарчиликсиз йиғиб олиш ва пахтачилик мавсумини муносиб натижалар билан якунлаш. Пахтани ўз вақтида ва сифатли йиғиб олиш эса юқори даромад демакдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири