Пиёдага йўл бермасдан ҳаракатланган ҳайдовчи жавобгарликка тортилди
Йўлларда ҳаракатланаётган автомобиль ҳайдовчиларининг пиёдалар гарчи махсус белгиланган йўлаклардан ўтмоқчи бўлса ҳам уларга йўл беришни истамаслиги сир эмас.
Пиёдага йўл бериш маданияти пойтахтимизнинг марказий кўчаларида сал шаклланган. Бироқ, минг афсуски, кўз ўнгимизда пиёдани уриб юборганларни кўрганмиз.
Ижтимоий тармоқларда Spark русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси пиёдага йўл бермасдан ҳаракатланганлиги акс этган видео тарқалган.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (ЙҲХБ) ходими томонидан ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, профилактик суҳбат ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, пиёдалар ўтиш жойлари (зебра чизиқлари)дан ўтаётган пиёдага йўл бермаган ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасига асосан жарима белгиланади.
Жазо миқдори ушбу қоидабузарликнинг йил давомида неча марта содир этилганига ҳам боғлиқ. Жарима миқдорини ҳисоблаш БҲМ миқдорига қараб ҳисобланади.
Айни пайтда мамлакатимизда БҲМнинг бир баравари 440 минг сўмни ташкил этади. Қоидабузарлик биринчи марта содир этилганда БҲМнинг 0.5 баравари – 220 минг сўм, 2-марта содир этилганда БҲМнинг 1 баравари – 440 минг сўм, 3-марта содир этилганда БҲМнинг 3 баравари – 1 миллион 320 минг сўм, қоидабузарлик 4 ва ундан кўп содир этилганда БҲМнинг 5 баравари – 2,2 миллион сўм жарима солинади.
Аслида пиёдага йўл бериш – ҳайдовчи учун шунчаки оддий бир тартиб бўлиши керак. Бу унинг маданияти, қолаверса, қандай тарбия кўрганини яққол акс эттирувчи ҳолат. Шундай экан, йўлларда ҳушёр бўлиш, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларига яқинлашганда тезликни пасайтириш ва пиёдаларга тўхтаб йўл бериш кундалик одатга айланиши керак.
Н.Абдураимова, ЎзА