МБФИТИ Хитой ва Индонезия билан стратегик ҳамкорлик шартномасини имзолади
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти, Хитойнинг Сиюань клиникаси ҳамда Индонезиянинг Удаяна университети ўртасида стратегик ҳамкорлик ўрнатилди.
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур уч томонлама келишув Хитой Халқ Республикасида ТСМ президенти томонидан ташкил этилган йирик «Alliance Forum» доирасида имзоланди. Ушбу шартнома халқаро илмий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш йўлида муҳим босқич бўлди.

Форумда ТСМ президенти Ўзбекистонни кенг имкониятлар эшиги сифатида таърифлаб, Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти ТСМнинг Ўзбекистондаги вакили эканини алоҳида таъкидлади.
Форум стратегик ҳамкорликнинг кейинги босқичларини ишлаб чиқишга бағишланган давра суҳбати билан давом этди. Томонлар имзоланган келишув доирасидаги навбатдаги қадамлар ҳамда ҳамкорликни амалий ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
М.Қосимова, ЎзА