Хоразмлик регбичилар Ўзбекистон кубоги соҳиби
Тошкент шаҳридаги Сергели тумани спорт мактаби стадионида ёшлар (U-20) ўртасида регби-7 бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари бўлиб ўтди.
Икки кун давом этган кескин ва муросасиз беллашувлар якунида ғолиб ва совриндор жамоалар аниқланди.
Якуний натижаларга кўра, йигитлар ўртасида Навоий вилояти терма жамоаси учинчи, Наманган вилояти терма жамоаси иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Хоразм вилояти терма жамоаси шоҳсупанинг энг юксак ўрнини эгаллади.
Қизлар ўртасида ҳам биринчи ўринни Хоразм вилояти Боғот шаҳридаги мактаб-интернат жамоаси эгаллади. Шунингдек, иккинчи ўринни ҳам Хоразм вилояти терма жамоаси қизлари эгаллади. Учинчи ўрин эса Қорақалпоғистон Республикасининг регбичи қизларидан иборат терма жамоага насиб этди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 20–23-октабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган 20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида регби-7 бўйича Ўзбекистон чемпионатида ҳам Хоразм вилояти вакиллари юқори натижаларни қайд этиб, олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишган эди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири