Хоразмда йилнинг энг яхши тарбиячиси аниқланди
Урганч шаҳридаги Ал-Хоразмий университетида “Йилнинг энг яхши тарбиячиси – 2026” республика танловининг вилоят босқичи ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда мактабгача таълим тизимида самарали фаолият юритиб, ўзининг билим ва маҳорати, инновацион ёндашуви ҳамда ижодкорлиги билан ажралиб турган тарбиячилар муносиб эътироф этилди.
– Йиллар давомида ўтказиб келинаётган мазкур касбий танлов мактабгача таълим сифатини янада ошириш, фидойи педагогларни қўллаб-қувватлаш ва соҳада илғор тажрибаларни оммалаштиришга хизмат қилмоқда, – дейди Хоразм вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Турсунбек Нурматов. – Жорий йилда ҳам танловнинг қўйи босқичларида минглаб тарбиячилар иштирок этди. Уларнинг 90 нафари вилоят босқичига етиб келди. Танловда нодавлат мактабгача талим ташкилотларининг тарбиячиларига ҳам имконият берилиши бу йил янгилик бўлди. Бу сафар иккита номинация бўйича улар ҳам ўз маҳоратларини синаб кўрмоқда.
Танлов давомида иштирокчилар ўз касбий салоҳияти, илғор тажрибалари ва замонавий педагогик ёндашувлари билан ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди.
Танлов якунларига кўра қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.
“Энг намунали директор ўринбосари” номинациясида Хива туманидаги 10-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти директор ўринбосари Насиба Мамадиёрова биринчи ўринни қўлга киритди.
“Энг яхши ўйин орқали таълим берувчи тарбиячи” номинациясида Урганч шаҳридаги 3-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Насиба Азимова ғолиб деб топилди.
Шунингдек, “Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи” номинацияси бўйича Қўшкўпир туманидаги 18-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Гулҳаё Исмоилова, “Энг яхши эко-тарғиботчи тарбиячи” номинацияси бўйича Ҳазорасп туманидаги 18-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Мунира Машарипова биринчи ўринга муносиб кўрилди.
“Рақамли ва инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этувчи тарбиячи” номинациясида Янгибозор туманидаги 13-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Нодира Давлетова ғолибликни қўлга киритган бўлса, “Маънавий қадриятлар тарбиячиси” номинациясида Шовот туманидаги 5-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Ўғилжон Базарбоева энг юқори ўринга лойиқ деб топилди.
“Ўйин орқали болаларни ривожлантирувчи ижодкор тарбиячи” номинациясида Гурлан туманидаги ЯТТ “Йўлдошева Насиба Махсуд қизи” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Насиба Йўлдошева ғолиб бўлди.
“Энг намунали тарбиячи” номинациясида эса Гурлан туманидаги ЯТТ “Абдуллаева Шаҳноза Рустам қизи” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Севара Кадирова биринчи ўринни эгаллади.
Танлов доирасида мазкур йўналишлар бўйича иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари ҳам вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
[gallery-29349]
Шунингдек, “Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи”, “Энг яхши эко-тарғиботчи тарбиячи”, “Рақамли ва инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этувчи тарбиячи”, “Маънавий қадриятлар тарбиячиси” ҳамда “Энг намунали тарбиячи” номинациялари бўйича ғолиб ва совриндор бўлган 15 нафар иштирокчига олий таълим муассасаларининг “Мактабгача таълим” йўналишида таҳсил олиш учун махсус грант сертификатлари топширилди.
Унга кўра, биринчи ўрин соҳиблари учун 1–2 курс, иккинчи ўрин соҳиблари учун 1 курс ҳамда учинчи ўрин соҳиблари учун 1 курс контракт тўловининг 50 фоизи миқдоридаги маблағ қоплаб берилиши белгиланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбири