Ходимлар идора тилида эмас, фуқаро тилида гапиришни ўрганиши зарур
Давлат хизмати қанчалик қулай бўлмасин, фуқаро у ҳақда осон ва тушунарли ахборот олмаса, яратилган имкониятдан тўлиқ фойдалана олмайди. Шу боис давлат органларининг жамоатчилик билан самарали мулоқоти хизмат сифатининг муҳим қисмидир.
Шу мақсадда Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ва Адлия вазирлиги БМТ Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда “Самарали ахборот орқали давлат хизматларини аҳолига янада яқинлаштириш” мавзусида ахборот хизмати ходимлари учун уч кунлик тренинг бўлиб ўтди.

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ҳамда БМТ Тараққиёт Дастури ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда иштирокчилар фуқарога йўналтирилган коммуникация, сунъий интеллектдан фойдаланиш, визуал контент, ОАВ билан ишлаш, инқирозли коммуникация, дезинформацияга қарши курашиш ҳамда ПР самарадорлигини баҳолаш бўйича амалий кўникмаларини оширди.

Қайд этилганидек, замонавий ахборот хизмати ходимлари фақат хабар тарқатувчи эмас, балки, у аудиторияни тушуниши, унинг эҳтиёжларини ўрганиши, мураккаб маълумотни содда ва тушунарли тилда етказиши керак.
Жумладан, ходимлар идора тилида эмас, фуқаро тилида гапиришни ўрганиши зарур. Бундан мақсад давлат органлари фаолияти ҳақида кўпроқ хабар чиқариш эмас, фуқарога керакли ахборотни содда, тезкор ва тушунарли етказишдан иборат.
Г.Бобоева, ЎзА