Ходим қамалса, меҳнат шартномаси қачон бекор бўлади?
Ҳуқуқий муносабатАмалиётда ходимнинг тўсатдан ишга чиқмай қолиши ва кейинчалик унинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олингани ёки қамоққа олингани маълум бўлиши кўплаб иш берувчиларни саросимага солиб қўяди. Бундай вазиятда корхона раҳбарияти ва кадрлар бўлими ходимлари одатда иккита йирик хатога йўл қўйишади: биринчиси — вазиятга тўлиқ ойдинлик киритмасдан туриб, ходимни «сабабсиз ишга келмаганлик» (прогул) важи билан дарҳол ишдан бўшатишга шошилиш, иккинчиси эса — аксинча, ҳуқуқий механизмларни билмагани сабабли штат бирлигини ойлаб бўш ушлаб туриш ва ҳужжатларни расмийлаштиришда чалкашиб қолиш.
Хўш, бундай холатда қандай йўл тутиш керак?
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидагича тушунча берди:
–Агар ходимга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, суд ҳукми қонуний кучга кирган бўлса, меҳнат шартномаси бекор қилинади. Аммо тергов давридаги эҳтиёт чораси ёки маъмурий қамоқ ҳолатларида шартнома дарҳол бекор қилинмайди.
Аввало ушбу вазиятда биз икки хил тушунчани ажратиб олишимиз лозим: яъни, ходим суднинг қарори билан озодликдан маҳрум этилиши ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиниши.
Жиноят процессуал кодексининг 242- моддасига асосан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш Жиноят кодексида уч йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир ҳамда эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун Жиноят кодексида беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қўлланилади деб белгилаб қўйилган.
Меҳнат кодексининг 168- моддаси биринчи қисми 3-бандига кўра, ходим суднинг қайси ҳукми билан аввалги ишини давом эттириш имкониятини истисно этадиган жазога ҳукм қилинган бўлса, ўша суд ҳукмининг қонуний кучга киргани, шунингдек суднинг қарорига биноан ходимнинг ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига юборилгани муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин.
Демак, ходим бажараётган ишини амалга ошириш имконини бермайдиган суд ҳукми билан қамоққа олинсагина меҳнат шартномаси бекор бўлади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА