Ходим бошқа жойга ишга кўчиб ўтаётганда компенсация тўловлари қандай бўлади?
Ҳуқуқий муносабат
Маълумки, ходимни бошқа ҳудудга ёки янги филиалга ўтказиш жараёни жиддий ҳуқуқий ва молиявий мажбуриятларни юзага келтириб, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига асосан иш берувчидан йўл харажатлари ва кўтарма пуллар каби компенсацияларни тўлашни талаб қилади.
Тошкент давлат юридик институти Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу ҳақда қуйидагиларни маълум қилди:
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 289-моддасига мувофиқ, ходим иш берувчи билан олдиндан келишиб бошқа жойдаги ишга кўчиб ўтаётганда, иш берувчи унга айрим тўловлар учун компенсация тўловларини тўлаши шарт.
Жумладан, кўчиш ва мол-мулкни ташиб бориш харажатлари. Ходим ва унинг оила аъзоларининг йўлкира харажатлари, шунингдек, ходимнинг ўзига 500 кг гача ва у билан бирга кўчаётган оила аъзолари учун жами 500 кг гача бўлган мол-мулкни темир йўл ёки автомобиль транспортида ташиш харажатлари қопланади.
Йўлда бўлинган ҳар бир кун учун хизмат сафарлари учун қонунчиликда назарда тутилган миқдорда суткалик тўловлар учун пул тўланади.
Янги иш жойидаги бир ойлик тариф ставкаси (маоши) миқдорида бир марталик нафақа берилади. Бундан ташқари, ходим билан бирга кўчиб ўтаётган ҳар бир оила аъзоси учун ходим маошининг учдан бир қисми (1/3) миқдорида қўшимча нафақа тўланади.
Агар кўчиб ўтаётган ходимнинг янги жойда шахсий уй-жойи бўлмаса ва иш берувчи унга уй-жой ажратмаса, уй-жой ижараси билан боғлиқ харажатлар қопланади.
Харажатларни тўлаш тартиби ва аниқ миқдорлари томонларнинг келишувига кўра, корхонанинг жамоа шартномаси ёки ички низомларида белгилаб қўйилади.
Агар ходим ташкилот билан бирга бошқа жойга кўчиб ўтишни ёзма равишда рад этса, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади ва унга ишдан бўшатиш нафақаси ҳамда ишга жойлашиш давридаги ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда компенсация тўланади.
Г.Бобоева,ЎзА