Ўзбек ҳунармандчилик намуналари Туркияда намойиш этилмоқда
Шу кунларда Туркиянинг Истанбул шаҳрида “Craft Istanbul 2026” халқаро ҳунармандчилик кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Унда мамлакатимиздан 13 нафар ҳунарманд ўзининг ноёб ва миллий ҳунармандчилик намуналари билан иштирок этмоқда.

Маълумки, анъанавий ҳунармандчилик, жумладан, халқларнинг тарихий хотираси, миллий қадриятлари ва авлодлардан авлодларга ўтиб келаётган бой маданий меросининг муҳим қисмидир. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий ҳунармандчиликни асраш ва ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик янги босқичда давом этмоқда.

Республика “Ҳунарманд” уюшмаси маълумотига кўра, ҳунармандларимизнинг иштирокидан асосий мақсад шуки, миллий ҳунармандчилик анъаналарини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, маҳаллий усталарнинг ижодий ишларини хорижлик меҳмонларга намойиш этиш ҳамда янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдир.

Кўргазма доирасида кулолчилик, каштачилик, заргарлик, миллий тўқимачилик ва бошқа ҳунармандчилик йўналишларига оид маҳсулотлар намойиш этилмоқда. Ўзбекистон ҳунармандлари миллий меросимиз ва замонавий ижод уйғунлигини дунёга намоён этмоқда.
Гулноза Бобоева,ЎзА