Мактабда таълим жараёнларини бир сменада ташкил этиш имконияти яратилди
Мирзо Улуғбек туманидаги 338-сонли умумтаълим мактабининг янги қўшимча биноси фойдаланишга топширилди.
Мамлакатимизда таълим соҳаси давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган бўлиб, унга бўлган эътибор ва молиявий инвестициялар кўлами йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бу тизимли ислоҳотлар нафақат мактаб таълими, балки мактабгача ва олий таълим босқичларини ҳам тўлиқ қамраб олган.

Хусусан, умумтаълим мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ўқувчи ўринлари сонини ошириш мақсадида тизимли равишда янги қўшимча бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Бундай лойиҳалар Инвестиция дастури ҳамда халқаро молия ташкилотлари кўмагида амалга оширилиб, икки сменали таълим тизимини қисқартиришга хизмат қилмоқда.

Мирзо Улуғбек туманидаги 338-сонли умумтаълим мактаб биноси 2021 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, 990 нафар ўқувчига мўлжалланган эди. Бугунги кунга келиб, мактабда ўқувчилар сони 1 500 нафардан ошгани сабабли таълим жараёнлари икки сменада ташкил этиб келинаётган эди.
Эндиликда мактаб ҳудудида қўшимча 990 ўринли янги бино барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада мактабнинг умумий сиғими қарийб 2 минг ўринга етказилди. Бу эса таълим жараёнларини бир сменада ташкил этиш имконини беради.

Янги бинонинг очилиш маросимида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Баҳодир Ғоибназаров, туман Нуронийлар кенгаши вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди.
Тадбир давомида масъуллар мактаб жамоасини табриклаб, янги бинонинг фойдаланишга топширилиши таълим сифатини янада ошириш, педагоглар учун муносиб шароит яратиш ҳамда ўқувчилар учун қулай имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Шунингдек, тадбир доирасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида яхши ниятлар билан дарахт кўчатлари экилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА