Хитойдан Евросиёга янги логистика йўналиши ишга тушди
Халқаро савдода товар ишлаб чиқаришнинг ўзи кифоя эмас. Уни манзилга тез, ишончли ва кам харажат билан етказиш ҳам муҳим. Шу боис транспорт йўналишларини диверсификация қилиш ва турли ташиш усулларини бирлаштиришга қаратилган лойиҳалар тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Хитойда ишга туширилган янги логистика йўналиши ҳам шу мақсадга хизмат қилади.
Янцзи дарёси дельтасида ишлаб чиқарилган кундалик эҳтиёж моллари ва электротехника маҳсулотларини ташиган биринчи “Шичан” юк поезди Шинжон-Уйғур автоном районидаги Цзинхэ халқаро қуруқ портига етиб келди. Xinjiang Xinshichang International Logistics компанияси бош директори Сюй Вэйнинг маълум қилишича, 20 вагондан иборат таркибдаги юкнинг умумий оғирлиги қарийб 750 тоннани ташкил этган. Маҳсулотларнинг асосий қисми Марказий Осиё ва Европа бозорларига мўлжалланган.
Шанхайдан йўлга чиққан поезд юк ташишнинг аралаш схемаси асосида ҳаракатланган. Унга кўра, маҳсулотлар узоқ масофага темир йўл орқали етказилади, Цзинхэ қуруқ портида автомобиль транспортига қайта юкланади ва кейин чегаралар орқали манзилига олиб борилади.

Қуруқ портдаги соддалаштирилган божхона тартиб-таомиллари юкларни тегишли йўналишлар бўйича тезроқ тақсимлаш имконини беради. Бу эса етказиб бериш муддатларини қисқартириш ва ташқи савдо билан шуғулланувчи корхоналарнинг умумий логистика харажатларини камайтиришга хизмат қилади.
Сюй Вэйнинг таъкидлашича, темир йўл транспорти об-ҳаво шароити ва автомобиль йўлларининг ҳолатига нисбатан камроқ боғлиқ. Бу, айниқса, қиш мавсумида чегаралараро юк ташишда муҳим аҳамиятга эга. Цзинхэнинг қулай географик жойлашуви ва ривожланган инфратузилмаси туфайли Янцзи дельтаси минтақасидаги компаниялар транспорт харажатларини 20-30 фоизгача қисқартириши мумкин.

Сўнгги йилларда Цзинхэ туманида қуруқ порт, чегара ўтказиш пунктлари ва транспорт йўлаклари инфратузилмасини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Автомобиль ва темир йўл транспортини ўзаро уйғунлаштириш, шунингдек, мультимодал ташувларни йўлга қўйиш орқали замонавий логистика тизими шакллантирилмоқда.

Янги йўналиш Хитой маҳсулотларини Марказий Осиё ва Европа бозорларига етказиб бериш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Темир йўл ва автомобиль транспортининг биргаликда қўлланилиши юк ташиш самарадорлигини ошириш, таъминот занжирини такомиллаштириш ҳамда минтақалараро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА