Хитойда жаҳон медиа саммити иштирокчилари Пекиннинг тарихий масканлари билан танишди
Шу кунларда Хитой пойтахтида VII жаҳон медиа саммити ўтказилмоқда. “Синьхуа” давлат ахборот агентлиги ва Пекин шаҳар халқ ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилган йиғинда дунёнинг 112 мамлакат ва минтақасидан 330 га яқин оммавий ахборот воситаси, таҳлил маркази, давлат идораси ва ахборот агентликларининг қарийб 500 нафар вакили иштирок этмоқда.

Ушбу нуфузли анжуманда замонавий журналистиканинг истиқболлари, сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш, ахборот ишончлилигини таъминлаш, глобал хавфсизлик шароитида медиа мулоқотини ривожлантириш ҳамда халқаро ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Форум доирасида саммит иштирокчилари ХХР пойтахтининг бой тарихи, миллий урф-одатлари ва замонавий қиёфаси билан яқиндан танишди. Делегатлар Пекиннинг Сзи Чжен тумани бўйлаб маданий саёҳатда иштирок этиб, ўлканинг қадимий мероси ва бугунги шаҳар ҳаёти уйғунлигини ҳис қилиш имконига эга бўлди.

Сафар давомида меҳмонлар машҳур Лаошэ чойхонасига ташриф буюриб, анъанавий хитой чойи билан танишди, миллий саҳна чиқишларини томоша қилишди. Дастур доирасида делегатлар анъанавий хитой либослари намойиш этилган дўконларни ҳам кўздан кечирди. Шунингдек, тарихий муҳит ва замонавий шаҳарсозлик ечимларини ўзида мужассам этган “Beijing Fun” мажмуасида бўлди.

Маданий саёҳатнинг яна бир манзили Шичахай кўли бўлди. Иштирокчилар сув ҳавзаси бўйлаб қайиқда сайр қилиб, Пекиннинг тарихий маҳаллалари, анъанавий меъморчилиги ва бетакрор манзараларини томоша қилди.
“Синьхуа” давлат ахборот агентлиги вице-президенти Си Янчунь меҳмонлар бой тарихга эга Пекин шаҳрининг ўзига хос жозибасини ҳис этиши ҳамда Хитой анъанавий маданиятининг чуқур тарихий меросини яқиндан англашига умид билдирди.

Бундай тадбирлар халқаро медиа вакилларига мезбон мамлакатнинг маданий ҳаётини бевосита англаш, унинг тарихий мероси ва замонавий тараққиётини чуқурроқ ўрганиш имконини беради. Зеро, мамлакатни англашда унинг маданияти, урф-одатлари ва кундалик ҳаёти билан яқиндан танишиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Саммит 9 ноябрга қадар давом этади.
Шерзод Исаев, ЎзА
Пекин, Хитой