Хитойда "ўзбек дербиси" бўлиб ўтади
Хитойдаги халқаро теннис турнирида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган теннисчиларимиз кутилмаган вазиятга тушди. Икки вакилимиз асосий давранинг илк босқичидаёқ кортда рақиб бўлади.
Хитойдаги халқаро теннис турнирида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган теннисчиларимиз кутилмаган вазиятга тушди. Икки вакилимиз асосий тўрнинг илк босқичидаёқ ўзаро рақиб бўлади.
Хитойда 6 сентябрга қадар давом этадиган эркаклар ўртасидаги теннис бўйича «International Challenger» туркумига кирувчи халқаро турнирнинг яккалик баҳсларида мамлакатимиз шарафини Ҳумоюн Султонов ва Сергей Фомин ҳимоя қилмоқда.
Мукофот жамғармаси 107 минг АҚШ долларини ташкил этувчи мусобақада Ҳумоюн Султонов иштирокини саралаш босқичидан бошлади. Теннисчимиз дастлаб мезбонлар вакили Фумин Жянни 6:4, 6:3 ҳисобида мағлуб этган бўлса, ҳал қилувчи баҳсда австралиялик Жошуа Чарлтонни 3:6, 6:3, 6:4 ҳисобида таслим қилди.
Шу тариқа, Ҳумоюн Султонов турнирнинг асосий тўрига йўлланма олди. Қуръа натижасига кўра, биринчи даврада теннисчимиз Сергей Фоминга қарши кортга чиқади. С. Фомин эса мусобақадаги иштирокини айнан шу босқичдан бошлайди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА