Хитойда маҳалла тизими ташкил этилмоқда
Ўзбекистонга ташриф буюрган кўплаб давлат раҳбарлари маҳалла тизими билан танишгач, уни ноёб жамоат “институти” дея баҳо берганидан хабардорсиз. Сабаби маҳалла ҳар жиҳатдан ҳудуддаги фуқароларнинг маънавий-маърифий ва иқтисодий салоҳияти шаклланиши ҳамда уларни камбағалликдан чиқаришнинг самарадор шакли экани исботланган.
Хитойнинг Цзинхэ уездида бу услуб ва шаклни амалда қўллаб кўрдилар ва натижасидан қувондилар.


Уезднинг Цзинфу жамоатчилиги (улар маҳаллани шундай деб атайдилар)да 1609 та хонадон, 4933 нафар аҳоли яшайди. Қолаверса, улар орасида хан миллатидан ташқари уйғур, қозоқ, татарлар ҳам бор. Бу ерда ҳам бошқа ҳудудлардаги каби ижтимоий, иқтисодий муаммолар бўлган. Кимдир ишсиз, кимгадир молиявий кўмак керак, яна бирисини касбий малакаси, ҳунари йўқ. Шунда Цзинхэ уезди бошқарувчи Цзинфу жамоатчилигини тузишга қарор қилди. Бунинг учун бино ажратдилар. 17 та иш юритувчи иш ўрни яратилди. Унинг таркибида жамоатчилик раиси, ўринбосари, полиция вакили, касб ўргатувчи усталар, иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи ва ёшлар етакчиси бор. Тузилма 2013 йилда синов тариқасида ташкил этилган ва у Ўзбекистон маҳаллаларига жуда ўхшаш. Ҳозир бу ерда ишсизлар, кам таъминланганлар, солиқ тўловчилар, ёшлар, аёллар билан ишлаш комиссиялари бор.



– Биз ҳар бир хонадон паспортини яратдик ва шу асосда аниқ маълумотга таяниб индувидуал режалар туздик, – дейди Цзинхэ жамоатчилиги раиси Зўргул Абдукарим. – Аввало камбағаликка барҳам берилди. Турли йўллар қўлладик. Касб ўргатдик, ўқитдик, шогирдликка жалб этдик.


Ҳозир эса уйда қолган аёлларга қоғоздан гуллар кесиш, болалар ўйинчоқлари ясаш каби гуруҳлар очганмиз. Улар бу ерда касб ўрганади ва яна сотилган маҳсулотдан даромад топади.

Зўргул Абдукарим жуда самимий ва билимдон раҳбар. У уезднинг барча раҳбарларини танийди ва уни ҳам улар билишади. Ҳар бир хонадон, ҳар бир фуқаро муаммосини у ўзининг муаммосидек қабул қилади.

Яна бир жиҳат муҳим. Бу ерда турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстона, ҳамжиҳат муносабат, одамлар бир тақдир эгалари эканини англаш, тинч-тотув яшаш неъматини қадрлашга ўрганади.
Ўзбекистоннинг маҳалла тажрибаси Хитойда барқарор тузилмага айланмоқда.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА