Хитойда икки собиқ мудофаа вазири ўлим жазосига ҳукм қилинди
Хитойда икки собиқ мудофаа вазири Вэй Фэнхэ ва Ли Шанфу ҳарбий коррупция иши бўйича икки йиллик кечиктириш шарти билан ўлим жазосига ҳукм қилинди. Халқ озодлик армияси (ХОА) Ҳарбий суди томонидан порахўрликда айбдор деб топилган жиноятчилар сиёсий ҳуқуқларидан маҳрум қилиниб, мол-мулки мусодара этилди.
ХХР қонунига кўра, агар судланган шахс икки йил ичида бошқа жиноят содир этмаса, ўлим жазоси шартли равишда озод қилинмасдан, умрбод қамоқ жазосига алмаштирилади.
Собиқ вазирларнинг ишлари Хитой армияси ичидаги кенг кўламли коррупцияга қарши кампаниянинг бир қисми бўлиб, Ракета кучлари, Қурол-яроқни ривожлантириш департаменти ва Марказий ҳарбий комиссия раҳбариятига дахлдор. Сўнгги йилларда ХОА тизимидаги ўнлаб юқори мартабали генераллар ва амалдорлар терговга тортилган.
С.Раҳимов, ЎзА