Ҳиндистонлик талабалар тиббий таълими учун Ўзбекистон оммалашиб бормоқда
2026 йилги ўқув йилига қабул жараёни авж олаётган бир пайтда, Ўзбекистон чет элда тиббий таълим олмоқчи бўлган ҳиндистонлик талабалар учун энг мақбул йўналишлардан бирига жадал айланмоқда.
Ҳозирда мамлакатимиздаги тиббиёт олийгоҳларида тахминан 16 000 нафар ҳиндистонлик талаба таҳсил олмоқда. Таълимнинг ҳамёнбоплиги, академик стандартларнинг яхшиланаётгани ва меъёрий-ҳуқуқий мувофиқликнинг ортиб бораётгани талабаларнинг Ўзбекистонни танлашларига сабаб бўляпти.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон мутасадди идораларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари бўлажак талабалар ва ота-оналарнинг ишончини янада мустаҳкамлади.
Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчихонаси Ҳиндистон Миллий Тиббиёт Комиссияси (NMC) томонидан 2021 йилда қабул қилинган “Хорижий тиббиёт битирувчиларининг лицензиялаш қоидалари”га (FMGL) мувофиқликни таъминлаш учун Ўзбекистон вазирликлари ва тиббиёт университетлари билан фаол ҳамкорлик қилаётганини тасдиқлади.
Расмий ахборотда Элчихона NMC томонидан 2026 йил 1 апрелда эълон қилинган Огоҳлантириш хати чеклов эмас, балки тавсиявий хусусиятга эга эканини тушунтирди. Ушбу хатда талабалардан ўқишга киришдан олдин хорижий тиббиёт муассасаларининг FMGL талабларига мувофиқлигини текшириш сўралган ва фақат тасдиқланган ҳамда расмий ахборот манбаларига таяниш муҳимлиги таъкидланган.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, Ҳиндистон ва Ўзбекистон масъуллари ўртасидаги давом этаётган музокаралар инглиз тилидаги таълимни мустаҳкамлаш, клиник амалиёт сифати ва давомийлигини ошириш ҳамда интернатура тузилмасини Ҳиндистон норматив талабларига мослаштиришга қаратилган. Ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистонда олинган тиббий дипломларнинг глобал миқёсда тан олинишини ошириши ва Ҳиндистонда ўтказиладиган лицензиялаш имтиҳонларида битирувчиларнинг натижаларини яхшилаши кутилмоқда.
Қабул жараёнини соддалаштириш ва аниқлик киритиш мақсадида Элчихона ҳиндистонлик абитуриентлар учун батафсил тавсияларни ҳам эълон қилди. Ушбу тавсиялар тан олинган университетлар, қабул тартиблари, мослик меъёрлари ва меъёрий қоидалар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олиб, талабаларга қарор қабул қилишда аниқ кўрсатма беради. Ҳиндистонлик талабаларни қабул қилаётган етакчи олийгоҳлар қаторига Андижон давлат тиббиёт институти, Бухоро давлат тиббиёт институти, Самарқанд давлат тиббиёт университети, Тошкент давлат тиббиёт университети ва унинг Термиз филиали, Тошкент фармацевтика институти, Урганч давлат тиббиёт институти, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ҳамда Қорақалпоғистон тиббиёт институти киради. Ушбу давлат университетлари нисбатан арзон контракти, инглиз тилидаги дастурларнинг кенгаяётгани ва клиник тайёргарлик инфратузилмасининг ривожланаётгани билан ҳиндистонлик талабаларни жалб қилмоқда.
Академик натижалар ҳам Ўзбекистоннинг жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. 2025 йил декабрь ойида ўтказилган Хорижий тиббиёт битирувчилари имтиҳони (FMGE) маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги олийгоҳлар битирувчилари тахминан 42 фоизлик кўрсаткич билан имтиҳондан муваффақиятли ўтган. Бу хорижда тиббий таълим берадиган асосий давлатлар орасида энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Таълим экспертлари буни ўқитиш сифатининг яхшиланаётгани, клиник тайёргарлик ва институционал стандартларнинг мустаҳкамланаётгани кўрсаткичи сифатида баҳоламоқда.
Шу билан бирга, меъёрий-ҳуқуқий масалалар ҳам муҳокамаларнинг бир қисми бўлиб қолмоқда. Яқинда бир гуруҳ ҳиндистонлик талабалар Ҳарьяна тиббиёт кенгашига хорижий тиббий таълимга оид тавсиянома бўйича тушунтириш сўраб мурожаат қилишди. Талабалар тартибга солувчи органлар ва манфаатдор томонлар ўртасидаги мулоқот ҳозирда чет элда таҳсил олаётганлар ва бўлажак абитуриентлар учун аниқлик киритишига умид билдирмоқда.
Ўзбекистонга ортаётган қизиқишни Ҳиндистон тиббий таълим тизимидаги таркибий муаммолар нуқтаи назаридан ҳам кўриб чиқиш керак. Тиббиёт йўналишидаги олийгоҳ ўринларига бўлган талаб таклифдан анча юқори бўлиб, қабул жараёнини ўта рақобатли қилади. Ҳатто Миллий кириш имтиҳонида (NEET) юқори балл тўплаган талабалар ҳам кўпинча давлат коллежларидан жой ололмайди.
Ҳиндистонда тиббий таълим олиш учун жойлар сони чекланганидан ташқари, ўқиш нархининг қимматлиги ҳам талабаларнинг чет элга кетишига жиддий сабаб бўлмоқда. Давлат тиббиёт коллежларида ўқиш нисбатан арзон бўлсада, улардаги жойлар сони жуда чекланган. Хусусий ва ўзини-ўзи молиялаштирадиган таълим муассасаларида, айниқса очиқ ёки бошқарув квоталари асосида ўқиш учун йиллик тўловлар 10 лакҳ рупийдан (тахминан 12 000 АҚШ доллари) ошиб кетади. Бу эса кўплаб ўрта синф оилалари учун ўта қимматлик қилади.
Таққослаш учун, Марказий Осиё мамлакатларида, жумладан Ўзбекистонда бутун ўқиш даври учун тиббий таълимнинг умумий қиймати одатда 15 лакҳдан 20 лакҳ рупийгача (тахминан 18 000 – 24 000 доллар) боради. Бу эса кўпчилик талабаларга жуда мақбул муқобил вариантдир. Ушбу молиявий устунлик ва қабул жараёнларининг осонлиги тиббий таълим олиш учун хорижга кетаётганлар оқимининг мунтазам равишда ўсишига хизмат қилмоқда.
Экспертларнинг фикрича, мазкур тенденция зарурият ва янги имкониятлар уйғунлиги туфайли юзага келмоқда. Баъзи талабалар учун ўз мамлакатида ўқишга кира олмаганидан кейин чет элда таҳсил олиш ягона чора бўлиб қолмоқда. Бошқалари эса Ҳиндистондаги хусусий тиббиёт коллежларида ўқиш имкониятига эга бўлсада, харажатлар камлиги ва таълим дастурларининг ўхшашлиги сабабли хорижий олийгоҳларни афзал кўришмоқда.
Мазкур жараённи қўллаб-қувватловчи экотизим ҳам сезиларли даражада ривожланди. Марказий Осиёдаги кўплаб университетлар Ҳиндистон бўйлаб фаолият юритаётган рекрутинг (талабаларни жалб қилиш) агентликлари ва таълим бўйича маслаҳатчилар билан шериклик алоқаларини ўрнатган. Ушбу агентликлар талабаларга ўқишга кириш, турар-жой топиш ва логистика масалаларида ёрдам беради. Бундан ташқари, баъзи хорижий олийгоҳлар дарсларни инглиз тилида сифатли ташкил этиш ва академик муҳитни талабаларга яқинлаштириш мақсадида ҳиндистонлик ўқитувчи ва профессорларни ишга фаол жалб қилмоқда.
Уйдан узоқда таҳсил олишнинг руҳий ва ижтимоий қийинчиликлари, шунингдек, тиббий лицензия олиш ва кейинчалик иш фаолиятини бошлаш билан боғлиқ ноаниқликлар борасида хавотирлар мавжуд бўлса-да, таълим соҳаси таҳлилчилари ушбу тенденция Ҳиндистон тиббий таълим тизимидаги чуқурроқ тизимли муаммолардан далолат беришини таъкидламоқдалар. Ҳиндистонда, айниқса қишлоқ жойларда ҳамон шифокорлар танқислиги кузатилаётган бир пайтда, глобал таълим йўналишларининг кенгайиши узоқ муддатли истиқболда ушбу бўшлиқни тўлдиришга ёрдам бериши мумкин. Марказий Осиёнинг бир қатор мамлакатлари, айниқса, Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш соҳаси кўрсаткичлари ушбу минтақадаги тиббий таълим тизими жаҳон стандартларидан асло орқада эмаслигини кўрсатмоқда. Тарихан бу давлатларда соғлиқни сақлаш тизими ҳамма учун очиқ бўлган ва бугунги кунда маҳаллий олийгоҳлар хорижлик талабаларни қабул қилиш орқали ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш ва қўшимча даромад олиш устида ишламоқда.
2026 йилги қабул мавсуми давом этаётган бир пайтда, Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги мавқеи тобора ортиб бораётгани ҳиндистонлик талабаларнинг тиббий таълимга бўлган ёндашувида жиддий ўзгаришлар юз бераётганидан далолат беради. Тизимли тартибга солиш бўйича ҳамкорлик, академик ислоҳотлар ва олийгоҳлараро шерикликнинг давом этиши туфайли Ўзбекистон Ҳиндистон чегараларидан ташқарида сифатли таълим олмоқчи бўлган бўлажак шифокорлар учун энг жозибадор давлатлардан бири бўлиб қолиши кутилмоқда.
ЎзА