Ҳайвонларни идентификация қилиш унинг эгасига жарима солиш, муаммо яратишни назарда тутмайди
Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида»ги қонуни жорий йил 7 августдан эътиборан кучга киради.
Ҳужжатга кўра, ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, ҳайвонларнинг ҳисобини юритиш, уларнинг насли ва соғлиғи тўғрисидаги маълумотларни электрон тизимда жамлаш назарда тутилган.
Шу ўринда савол туғилади: ҳайвонларни идентификация қилишдан асл мақсад нима?
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг маълумотига кўра, мазкур қонун ҳайвон эгасига жарима солиш ёки аҳолига ортиқча муаммо яратишни назарда тутмайди.
Аксинча, ҳайвондан одамга юқадиган касалликларни жиловлаш, инсон ҳаёти учун жиддий хавф туғдирадиган куйдирги, қутуриш, бруцеллёз, эхинококкоз каби касалликларни жойида блокада қилиш имконини беради. Бунда аввало, юқумли касалликлар аниқланганда, идентификация тизими орқали касаллик манбаи, у билан боғлиқ бошқа ҳайвонлар ва ҳудудлар тезкор аниқланади ва хавфли эпидемиянинг олдини олиш имкони яратилади.
Бошқа жиҳатдан эса чорвачилик маҳсулотларининг келиб чиқиши кафолатланади. Гўшт, сут ва бошқа ҳайвонот маҳсулотларининг қайси хўжаликда етиштирилгани, ҳайвоннинг соғлиғи, эмлаш ва ветеринария кўрикларидан ўтганлиги тўғрисида тўлиқ маълумот шаклланади. Бу ҳолат истеъмолчилар ишончини оширади ва назоратсиз маҳсулотларнинг бозорга кириб келишини чеклайди.
Шунингдек, чорвачилик маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш кучаяди. Идентификация қилинган ҳайвонлардан олинган маҳсулотлар ветеринария-санитария талабларига мувофиқлиги бўйича доимий назорат қилинади. Натижада инсон саломатлиги учун хавф туғдирувчи маҳсулотлар ўз вақтида аниқланиб муомаладан чиқарилади.
Шу билан бирга, давлат назорати ва режалаштириш самарадорлиги ошади. Ҳайвонларнинг жойлашуви, ҳаракати ва ҳолати бўйича аниқ маълумотлар шаклланади.
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини таъминлаш, хавфсиз муҳит яратишда қонуннинг бугунги аҳамияти юқори. Яъни ҳайвонларда касаллик тарқалишининг олдини тезкор олиш билан бирга, уларнинг келиб чиқиши ва ҳаракатини кузатиш, маҳсулотнинг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш ҳамдир.
Бунда насл ва маҳсулдорлик ҳисобини юритиш, ҳаттоки, мол ўғирланишининг олдини олиш бўйича ҳам имконият яратилади ҳамда кредит ва суғурта хизматларини расмийлаштиришни енгиллаштиради.
А.РУСТАМОВ, ЎзА