«Хавфсиз ва соғлом юрт»: юртдошларимизни жиноятчиликка қарши курашиш йўлида бирлаштирди
Мамлакатимизда жорий йил 1 июлдан бошлаб “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.
Мазкур тадбирлар энг улуғ ва азиз байрамимиз арафасида яна бир бор жамиятимизни ҳушёрлик ва огоҳликка чорлаш, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашда муҳим вазифаларни белгилаб берди.
ИИВдан маълум қилишларича, 45 кун давомида марказий шаҳарлардан тортиб энг чекка ҳудудларгача қамраб олган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор профилактик тадбирлари халқимизни жиноятчиликка қарши курашиш йўлида бирлаштирди.
Ички ишлар органлари тизимида хизмат қилаётган ҳар бир саф бўлинмаси вакили, маҳалла профилактика инспектори, тезкор-тергов тузилмаларининг илмий таҳлил ва қатъий ҳамкорлик асосидаги хизмати йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида масъуллар бириктирилган ҳудудда мунтазам ўрганиш ишларини олиб бориб, криминоген вазияти мураккаб туманларда, жиноятчиликни жиловлашга доир локал ечимлар татбиқ этилди.
«Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбирлари доирасида 114 минг 31 тезкор қидирув тадбирлари ўтказилиб, 11 минг 363 жиноят аниқланди. Содир этилган 6 минг 915 та жиноят фош этилди. Қидирувда юрган 2 минг 140 нафар шахс ушланиб, суд ва тергов органларига топширилди. Турли сабаблар билан бедарак йўқолган 1 минг 578 нафар шахс топилиб, хавфсизлиги таъминланган ҳолда оиласи бағрига қайтарилди.

Гиёҳвандлик ва психотроп моддалар муомаласига қарши курашиш йўналишида ўтказилган 3 минг 695 тезкор тадбирлар давомида 369 кг. гиёҳвандлик моддалар, 66 минг дона психотроп дори воситалари олинди. Вертолёт ва дрон ёрдамида аниқланган 44 минг 919 туп гиёҳвандлик ўсимликлари йўқ қилинди.
Интернет орқали 122 нафар гиёҳвандлик воситаларини кўмиб тарқатаётган шахслар ушланиб, улар томонидан чизилган 381 наркограффити ўчирилди.
Тезкор қидирув тадбирлари билан бир қаторда тарғибот ва тушунтириш ишларига ҳам алоҳида урғу берилиб, ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари батафсил тушунтириб берилди. Бу борада соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва тиббиёт ходимлари билан узвий ҳамкорликда иш ташкил этилди.
«Хавфсиз ва соғлом юрт» ойлиги давомида наркожиноятлар уруғини сочиш учун бирлашган жиноятчилар, уюшган гуруҳларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш, улар томонидан ташкил этилган нарколабораторияларни аниқлаш ва йўқ қилиш бўйича ҳам қатъий чора-тадбирлар белгиланди.
Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида 3 минг 588 жиноий ҳолат аниқланди. Жиноий гуруҳ ва шахслардан 6 дона пистолет, 269 дона ов қуроли, 15 дона қўлбола усулда ясалган ва 366 дона пневматик қурол ҳамда 10 минг 430 дона ўқ-дорилар олинди.
Маълумки, сўнгги вақтларда гиёҳвандлик воситаларини интернет орқали тарқатиш, айниқса ёшларни бу жиноят тўрига жалб этиш оммалашиб бормоқда. Бу каби хавфларни олдиндан аниқлаш ҳамда аҳолининг даромадлари, онлайн маблағлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида келиб тушаётган ҳар бир мурожаат ўрганилиб, интернетда ўтказилган мониторинглар таҳлил қилинмоқда.

Кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича тадбир бошидан жами 438 кибержиноят аниқланиб, фош этилмаган кибержиноятларнинг 3 минг 140 таси фош этилиши таъминланди ва фуқароларга етказилган 3 миллиард 564 миллион сўм зарар ундирилди.
Жиноятларнинг салбий оқибатларини тушунтириш биринчи навбатда маҳалла фаоллари миқёсида олиб борилди. Криминоген оғир, бир неча йиллар давомида «қизил» тоифада бўлган маҳаллаларга Ички ишлар вазирлигидан масъуллар бириктирилиб, муаммолар тизимли равишда ўрганилди.
Бунинг натижасида қисқа фурсатда маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича юқори кўрсаткичларга эришилмоқда.
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ҳам бир нечта маҳаллалар «қизил» тоифадан чиқарилди. Сўнгги 3 йил мобайнида «қизил» тоифада бўлган «Навбаҳор» маҳалласи ҳам айни вақт «яшил» тоифада қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, республикамиздаги барча маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишда ижтимоий профилактикага алоҳида аҳамият қаратилмоқда. 380 минг 300 нафар шахсга ижтимоий профилактик муаммолар бўйича хулосалар берилиб, уларнинг 341 минг 613 нафарининг муаммоси ҳал этилди. 38 минг 194 нафар аёлга ҳимоя ордери берилган бўлса, 26 минг 138 нафар узоқ муддатдан сўнг чет мамлакатлардан яшаш манзилига қайтган фуқаролар ўртасида тегишли профилактик ўрганишлар олиб борилди.
Шу билан бирга ҳудудларда жиноятларнинг аксарият қисми тунги вақтларда содир этилаётганини инобатга олиб, хизмат ҳудудлари бўйича қўшимча куч-воситалар жалб этилди. Бу, ўз ўрнида, тиғли жисм билан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўча ва жамоат жойларида қўшимча 262 патруллик ва 254 ҳамкор йўналишлари фаолияти йўлга қўйилди. Нарядлар томонидан 25 минг 278 тиғли буюм олиб юриш билан боғлиқ ҳолат аниқланди.
Тиғли буюмларни ноқонуний равишда олиб юришга чек қўйиш, гиёҳвандлик воситаларининг айланмасига қарши курашишда мунтазам йўл-патруль хизмати масканларида ҳам фаол иш ташкил этилди.
Ҳар бир қўпол қоидабузарлик йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан назоратга олиниб, келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олди олинмоқда. Бундан ташқари, «Равон йўл» ҳамда «Йўл – пиёда учун» тамойиллари асосида пиёда ва ҳайдовчиларнинг хотиржам ҳаракатланишлари учун замонавий йўл инфратузилмаси яратилмоқда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналишида 360 минг 94 қўпол қоидабузарлик аниқланиб, 155 минг 226 транспорт воситалари вақтинча жарима майдонига жойлаштирилди. Йўлларга қўшимча 75 минг 134 йўл белгиси ўрнатилиб, 274 минг кв.м йўл чизиқлари чизилди.
Фуқаролар учун осойишта муҳит, барқарор тадбиркорлик учун хавфсиз шарт-шароитларда, мол-мулк дахлсизлигидан хотиржам ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида Қўриқлаш хизматида замонавий хавфсизлик тизимлари жорий этилмоқда.
ИИВ Қўриқлаш департаменти томонидан 21 минг 859 хонадон ва 12 минг 768 савдо ҳамда бошқа турдаги объектлар техник қўриқловга олинди. 3 минг 815 кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига ташвиш тугмалари ўрнатилиб, 111 минг 26 ташвиш хабарлари бўйича тезкор ҳаракатланувчи гуруҳларнинг ўз вақтида етиб бориши таъминланди.
«Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбирлари мана шундай ҳар бир йўналишни қамраб олганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Н.Абдураимова, ЎзА