Хавфсиз ва ҳурматга асосланган меҳнат муҳити – инсон қадрининг амалий ифодасидир
Янги қарор
Айрим меҳнат жамоаларида илдиз отган маҳаллийчилик, қариндош-уруғчилик, гуруҳбозлик муҳити ҳамда инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматсизлик, айирмачилик ва руҳий босимлар ҳақидаги гап-сўзлар бежиз эмас. Оммавий ахборот воситаларидаги расмий хабарлар ҳам буни тасдиқламоқда. Демак, тизимда тезкор ҳал этилиши лозим бўлган жиддий муаммолар бор.
Ваҳоланки, инсон иш жойига фақат маош олиш учун бормайди, ҳурмат ва обрў истаб боради. У ерда ўз билими, тажрибаси ва салоҳиятини намоён этади, зиммасига юклатилган вазифаларни бажаради, жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади.
Тўғри, ходим ўз зиммасидаги вазифаларни бажармаса, меҳнат қонунчилиги талабларини бузса, қонун ҳужжатларига мувофиқ жазоланади. Аммо, раҳбарият томонидан шахсиятига тегиш, ҳақоратлаш, қўполлик қилиш, ноқонуний вазифалар юклаш, руҳий таъсир ўтказиш “Инсон қадри” тамойилларига зид.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг бу борада қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган жорий йил 21 сентябрдаги “Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори янгича ёндашувларнинг ижтимоий аҳамиятини ва тезкорлигини янада оширади. Қарорнинг мақсади:
– меҳнат соҳасида тазйиқ, жинсий ва жисмоний зўровонлик, шаҳвоний шилқимлик, руҳий босим, таъқиб қилиш, камситиш ва шу мақсадда мансаб мавқеини суиистеъмол қилишга қаратилган ҳаракатларнинг олдини олиш ва уларга нисбатан таъсир чораларини кўриш бўйича самарали тизимни жорий этиш, тазйиқ ва зўровонлик ҳолатлари содир этилганлиги бўйича мурожаатларни қабул қилиш, бундай ҳолатларга холисона баҳо бериш жараёнларини рақамлаштириш ва унинг устидан қатъий назорат ўрнатиш;
–меҳнат соҳасида тазйиқ ва зўравонлик ҳолати юзасидан мурожаат қилган фуқароларнинг шахсига оид маълумотларни ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ҳамда тазйиқ ва зўравонликлар ҳолатларига оид ҳуқуқбузарликлар яширилишининг олдини олиш кабиларга қаратилган.
Рақамли мурожаат – очиқлик ва ҳисобдорлик сари қадам. Қарорда 2026 йил 1 декабрга қадар давлат органлари ва ташкилотларида “Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити” ахборот порталини жорий этиш назарда тутилган.
Портал орқали тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича мурожаатларни онлайн қабул қилиш, уларни текшириш, далилларни тўплаш, хулосалар тайёрлаш, ахборот алмашиш ва кўрилган чоралар ҳақидаги маълумотларни сақлаш имконияти яратилади.
Бу – замонавий рақамли бошқарувнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига кириб келаётганидан далолат. Энг муҳими, мурожаатнинг тақдири инсоннинг субъектив муносабатига боғланиб қолмаслиги учун тизимлаштирилган механизм пайдо бўлади.
Айниқса, тазйиқ ёки зўравонликда айбланаётган шахс масъул ходим ёки раҳбарнинг ўзи бўлса, мурожаатнинг юқори турувчи инстанцияга автоматик юборилиши – холисликни таъминлаш нуқтаи назаридан аҳамиятли.
Бу ерда асосий тамойил жуда оддий: мурожаат қилган инсон жазоланмаслиги, унинг мурожаати эса эътиборсиз қолмаслиги керак.
Қарорда қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланган жинсий ёки жисмоний зўравонлик, шаҳвоний шилқимлик ҳолатларини меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузиш сифатида белгилаш тавсия этилган.
Тазйиқ, руҳий босим, камситиш ва мурожаат қилгани учун таъқиб қилиш ҳолатларини эса меҳнат интизомини бузиш сифатида баҳолаш назарда тутилмоқда.
Адолат иш жойидан бошланади. “Адолат” социал-демократик партияси учун инсон қадри – устувор мезон. Инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятда ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш муҳим қадриятлардан ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, иш жойида хавфсизлик ва ҳурмат муҳитини таъминлаш – оддий меҳнат муносабати эмас. Бу – инсон қадрига бўлган муносабатнинг кўрсаткичидир.
Агар инсон ўз иш жойида ҳақоратланиш, камситилиш, руҳий босим, тазйиқ, зулм ёки зўравонликдан қўрқса, бундай муҳитни соғлом меҳнат муҳити деб бўлмайди.
Меҳнат жамоасида инсон ўзини ҳурмат қилинган ва хавфсиз ҳис қилса, у ўз фикрини эркинроқ билдиради, муаммоларни яширмайди, ташаббус кўрсатади ва ишига масъулият билан ёндашади.
Демак, хавфсиз ва ҳурматга асосланган муҳит фақат ходимнинг манфаати эмас. Бу – иш берувчининг ҳам манфаати. Чунки ходимни ҳурматлайдиган ташкилотда ўзаро муносабат мустаҳкамланади, ички низоларни барвақт аниқлаш имконияти ортади ва бошқарув маданияти юксалади.
Шу маънода, инсон қадри ва ташкилот самарадорлиги бир-бирига боғлиқ. Адолатли муносабат самарали меҳнатнинг муҳим шартларидан биридир. Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини яратиш эса инсон қадрини амалда таъминлашнинг муҳим кўриниши ҳисобланади.
Зеро, инсон қадрланган жойда меҳнат самара беради. Меҳнат самара берган жойдагина тараққиёт барқарор бўлади. Адолат эса ана шу тараққиётнинг маънавий ва ҳуқуқий пойдеворидир.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий кенгаши раисининг ўринбосари.
ЎзА