“Хавфсиз оила” лойиҳаси: 65 оилага манзилли кўмак кўрсатилди
Оила тинч ва фаровон бўлса, маҳаллада ҳам, жамиятда ҳам барқарорлик қарор топади. Шу боис мамлакатимизда оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилавий низоларнинг олдини олишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ана шундай ташаббуслардан бири бўлган “Хавфсиз оила” тадбири ўзининг тўртинчи босқичини муваффақиятли якунлади.
Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасининг Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳалла тизими, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 3 январда қабул қилинган “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва профилактика тизими самарадорлигини оширишга қаратилган янги механизмлар жорий этилган.
Шу асосда Тошкент шаҳри ҳокимлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, прокуратура, Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ҳамда ҳарбий округ ҳамкорлигида “Хавфсиз оила” тадбири тўрт босқичда амалга оширилди.
Лойиҳанинг асосий мақсади профилактик ҳисобда турувчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз ёки оилавий муаммоларга дуч келган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда оилаларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлашдан иборат.
Тўрт босқич давомида 65 та низоли оила ва уларда тарбияланаётган 86 нафар вояга етмаган бола Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жалб этилди. Улар билан психолог, ҳуқуқшунос, педагог ва тиббиёт ходимлари иштирокида комплекс ишлар ташкил қилиниб, ҳар бир оиланинг муаммоси индивидуал тарзда ўрганилди.
[gallery-30739]
Иштирокчилар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, психологик диагностика асосида уларнинг психологик ҳолати баҳоланди. Болалар учун рассомчилик, кулолчилик, тикувчилик, компьютер саводхонлиги, хорижий тиллар, ошпазлик, мусиқа ва спорт тўгараклари ташкил этилди. Шунингдек, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида пойтахтдаги маданий-маърифий масканларга саёҳатлар уюштирилди.
Лойиҳа доирасида ота-оналар учун психологик семинар-тренинглар, соғлом турмуш тарзи ва фарзанд тарбиясига бағишланган учрашувлар ўтказилди. Ишсиз иштирокчиларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркалари ташкил қилиниб, касб-ҳунарга ўқитиш бўйича бепул ваучерлар берилди.
Шунингдек, иштирокчи оилаларга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, болалар спорт тўгаракларига йўлланмалар, спорт кийимлари ва инвентарлари билан таъминланди. Эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, бандлигини таъминлаш ҳамда тиббий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалий чоралар кўрилди.
Қайд этилганидек, амалга оширилган ишлар натижасида бир қатор оилаларнинг яшаш шароити яхшиланди, ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва уларни касб-ҳунарга йўналтириш борасида ижобий натижаларга эришилди. Психологик ва ҳуқуқий кўмакка муҳтож оилалар билан олиб борилган тизимли ишлар уларнинг жамиятга ижтимоий мослашувига ҳам хизмат қилди.
Тадбирда “Хавфсиз оила” лойиҳаси доирасида орттирилган тажриба оилаларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга қаратилган ишларни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Тадбир якунида фаол иштирок этган ходимлар тақдирланди. Шунингдек, “Ватан” ижтимоий фонди бўлим бошлиғи Ботир Содиқов бир гуруҳ фидойи ходимларга “Фидокорона меҳнати учун” эсдалик нишонини топширди.
Камола ЮСУПОВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА