Хавфсиз меҳнат талабларига қанчалик амал қилинмоқда?
Иш жойидаги оддийгина эътиборсизлик, хавфсизлик қоидаларига бепарволик ёки зарур ҳимоя воситаларининг йўқлиги кези келса, оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.
Шу маънода, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этиш шунчаки қонуний мажбурият эмас, балки инсон ҳаёти олдидаги масъулият ҳамдир.
Хўш, бугун корхона ва ташкилотларда ходимларнинг хавфсиз меҳнат қилиши учун белгиланган талабларга қай даражада амал қилинмоқда?
Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида аниқланган қонунбузилишлар ушбу саволга жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади.
Айни йўналишда инспекция томонидан 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида ўтказилган назорат тадбирлари давомида меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига амал қилиниши ўрганилди. Натижада 10 мингдан зиёд қонунбузилиш ҳолати аниқланган.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотига кўра, аниқланган қонунбузилишларда 2 минг 167 нафар ходим меҳнат хавфсизлиги бўйича йўриқномадан ўтказилмаган. 1 минг 670 та ҳолатда ходимларни ўқитиш ва уларнинг билимларини текшириш ишлари ташкил этилмаган.
Шунингдек, 858 та ҳолатда ходимлар махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланмаган, 676 тасида мажбурий тиббий кўриклар ўтказилмаган. Бундан ташқари, 108 та ҳолатда етказилган зарар учун тўловлар амалга оширилмагани қайд этилган.
Дарҳақиқат, ходимларни хавфсиз меҳнат усулларига ўргатиш, билимларини мунтазам текшириб бориш, зарур ҳимоя воситалари билан таъминлаш ва тиббий кўрикларни ўз вақтида ташкил этиш иш берувчиларнинг муҳим вазифаларидандир.
Зеро, инсон ҳаёти ва саломатлигидан қадрлироқ бойлик йўқ.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА