Экипаж кўрсатмасига бўйсунмаган йўловчи қанча жарима тўлайди?
Фуқаро авиациясида парвоз хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши мумкин.
Янги қонун лойиҳасида нафақат носоз самолётда парвоз қилиш ёки ҳаво кемасини қонунга хилоф бошқариш, балки самолёт бортида экипаж кўрсатмаларини бажармаган йўловчиларга ҳам жарима белгилаш таклиф этилмоқда. Айрим қоидабузарликлар учун жарима миқдори 20 базавий ҳисоблаш миқдоригача етиши мумкин.
Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталига жойлаштирилган. Ҳужжат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, авиация соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар рўйхатини кенгайтириш ҳамда маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколатларини қайта тақсимлашни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, ҳаво кемасини бошқариш ёки парвозни таъминлаш билан боғлиқ фаолиятни тегишли ҳуқуққа эга бўлмаган шахс амалга ошириши ёхуд бундай ҳуқуқни бошқа шахсга бериши учун жавобгарлик белгиланиши мумкин.
Бу ҳолатда фуқароларга 10 БҲМ, мансабдор шахсларга эса 20 БҲМ миқдорида жарима қўллаш таклиф этилмоқда.
Ҳаво кемасидаги йўловчилар ёки юклар сиғими меъёрларига риоя қилмаслик ҳамда самолётнинг энг юқори учиш массаси ёки мувозанатига оид чекловларни бузган ҳолда парвозни амалга ошириш учун 15 БҲМ миқдорида жарима белгилаш назарда тутилган. Бундай талаблар парвоз хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Техник носоз ҳаво кемасида ёки ундан фойдаланиш тақиқланган шароитда парвозни амалга ошириш учун, агар қилмишда жиноят аломатлари бўлмаса, 20 БҲМ миқдорида жарима қўллаш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ёки таниш ҳамда рўйхатга олиш белгиларига эга бўлмаган ҳаво кемасини бошқарганлик учун 10 БҲМдан 20 БҲМгача жарима белгилаш кўзда тутилган.
Қонун лойиҳасида йўловчиларнинг ҳаво кемаси бортидаги хулқ-атворига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Ҳаво кемаси командири ёки унинг номидан экипаж аъзоси томонидан белгиланган хулқ-атвор қоидаларига риоя қилиш ҳақида берилган кўрсатмаларни бажармаган йўловчиларга 5 БҲМдан 10 БҲМгача жарима солиш таклиф этилмоқда.
Агар худди шу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилса, жарима миқдори 15 БҲМдан 20 БҲМгача ошиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирча гап қонун лойиҳасида назарда тутилган таклифлар ҳақида бормоқда. Улар муҳокама ва қонунчилик жараёнидан ўтиб, қабул қилинган тақдирдагина белгиланган тартибда кучга киради.
Янги ташаббуснинг асосий мақсади — фуқаро авиациясида хавфсизлик талабларига риоя этилишини кучайтириш, ҳаво кемаларидан фойдаланишдаги қоидабузарликларнинг олдини олиш ва йўловчиларнинг бортидаги интизомини таъминлашдан иборат.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА